Бухоро давлат университети ва Япониянинг Вакаяма университетлари жорий йилнинг 21 ноябрь куни БухДУ базасида «БухДУ-Вакаяма туризм таълими ва тадқиқотлари маркази» очилиши режалаштирмоқда, дея хабар берди Бухоро давлат университети матбуот хизмати.
Вакаяма университети Туризм факультети ўз бакалавриат дастурлари учун Бутунжаҳон туризм ташкилоти «UNWTO»нинг «TedQual» сертификатини қўлга киритган бўлиб, туризм йўналишида бундай сертификатга эга бўлган биринчи ва ягона япон университетидир. Факультет ҳузурида «Туризм тадқиқотлари маркази» фаолият кўрсатади.
Марказнинг асосий вазифалари ўзаро ҳамкорликда туризм соҳасида тадқиқотлар олиб бориш билан бир қаторда янги ўқув адабиётлари тайёрлаш, илмий-услубий йўналишларда қўшма лойиҳалар, бакалавриат ва магистратурада қўшма ўқув дастурларини амалга оширишдир.







