Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтиришга йўналтирилган 500 дан зиёд инвестиция лойиҳалари ўз эгаларини кутмоқда...
Жорий йилнинг 19-21 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида Биринчи халқаро туризм инвестицион форуми ўтказилади. Унда инвесторларга 500 дан зиёд инвестиция лойиҳалари, хусусан, “Чорвоқ” эркин туристик зоналари, “Самарқанд сити”, “Қадимий Бухоро”, Сурхондарё вилоятидаги кичик сайёҳлик ҳудудлари, “Олмазор Сити” ва “Фарғона йўли” кабилар таклиф этилади. Лойиҳаларга меҳмонхона ва савдо мажмуалари, дам олиш масканлари, соғломлаштириш марказлари, тематик парклар, ресторанлар, агротуристик масканлар ва бошқалар киради. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистондаги ҳар бир ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини максимал даражада кенгайтиришга йўналтирилган.
Мазкур форумда 48 давлатдан 300 дан зиёд қатнашчи, жумладан инвесторлар, сайёҳлик соҳасидаги халқаро молия институтлари, ташкилотлари вакиллари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий компаниялар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирнинг биринчи ва иккинчи кунида туризм соҳасида сармоявий лойиҳалар тақдимотлари, B2B (business-to-business) ва B2G (business-to-government) форматларидаги учрашувлар ўтказилиши, инвесторлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар ўртасида шартномалар ҳамда ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши, учинчи куни эса объектларга ташриф буюриш кўзда тутилган. Бу ҳақда Форум олдидан журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Инвесторларга ерлар аукционсиз берилади(ми?)
Ҳа, Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган туризм соҳасига оид биринчи Халқаро инвестицион форумни самарали ўтказиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 931-сонлиқарорига мувофиқ, Форум доирасида инвесторга туризм инфратузилмаси объектларини қуриш учун аниқ инвестиция мажбуриятлари остида ер участкалари аукционсиз ажратилади. Ҳужжатда инвестор томонидан Ўзбекистоннинг тижорат банкларига 15 иш куни мобайнида инвестиция битими суммасининг 25 фоизи миқдоридаги маблағни депонентга ўтказиш ёки 5 фоизи миқдоридаги мажбуриятни бажариш кафолатини (performance bond) бериш шарти билан инвестиция битими тузилиши назарда тутилган.
Инвестор томонидан пул маблағлари депозитга ўтказилган ёки молиявий мажбуриятларни бажариш бўйича кафолат берилган кундан эътиборан 5 кун муддатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ҳокимликлар ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Абдулазиз Оққулов, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси:
— Форум иштирокчилари инвестиция, смарт туризмни ривожлантириш, меҳмонхона ва транспорт соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда ташкил этиладиган сессияларда қатнашади. Шунингдек, улар эътиборига республикамиз 14 вилоятининг сайёҳлик салоҳияти ва 600 га яқин инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинади. Бундан асосий мақсад, келган хорижлик инвесторларларни ушбу лойиҳаларга жалб қилиш ва улар билан битимлар тузиш. Форумда нафақатхорижий, балки маҳалллий инвесторлар ҳам қатнашишлари мумкин. Инвестиция лойиҳаларига қизиқиш билдирган сармоядорлар таклиф этилаётган лойиҳаларга тегишли ҳудудларга шахсан ташриф буюриб, танишиши, керак бўлса маъқул келган ер майдони бўйича келишувга эришишларига имконият яратилади.
Форумдан кутилаётган натижалар шуки, аввало сайёҳлар учун қулай шароит яратиш, сўнг ҳудудлардаги маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаб, уларнинг турмуш сифатини яхшилашга эришишдир.
Улуғбек Қосимхўжаев, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи:
— Сўнгги уч йил ичида туризм соҳасида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Ҳатто давлат раҳбари томонидан туризм – стратегик соҳа деб белгилаб берилди, норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Натижада, охирги 10 ой ичида юртиммзга келган туристлар сони ўтган йилга нисбатан икки баробарга ошди. Яъни ўтган йили кўрсаткич 2, 2 млн. бўлган бўлса, бу йил 4,4 млн.га етди. Лекин бахтга қарши, шу нарса аён бўлдики, бизнинг сайёҳлик инфратузилмамиз бунчалик катта ҳажмдаги сайёҳларнинг келишига ҳали тайёр эмас экан. Шу мақсадда мана шу Форум ташкил этиляпти. Биламизки, кўп инвесторлар ер топиш муаммосига дуч келишади. Шу боис асосий мақсадимиз, уларга “мана, бизда ер бор”, деб юртимизга чақириб, эвазига халқимиз фаровонлигини таъминлайдигна лойиҳани амалга оширишини таклиф қилишдир. Бунда маҳаллий ҳокимликларнинг инвестиция ва туризм масалалари бўйича ҳоким ўринбосарларини жалб қилган ҳолда инвесторларга имкон қадар шарт-шароит яратилади, аукционсиз ер берилади. Шунингдек, нафақат инвесторлар, балки йирик сармоя фондларини ҳам жалб қилиш кўзда тутилган. Шу кунга қадар Арабистон, Хитой, Ҳиндистон каби катта сармоя фондлари қўшма сармоя киритишга тайёр эканликларини билдиришди. Демак, Форум — ўзимизнинг ва хорижлик тадбиркорларни маҳаллий ҳокимликлар билан бирлаштиради. Яъни Форум маҳаллий давлат идоралари ҳамда инвесторлар учун ўзига хос келишув майдонига айланади.
Маълум қилинишича, Туризм соҳасидаги биринчи Халқаро инвестицион форумга 10 дан ортиқ махсус (ВИП) меҳмонлар келиши ҳам кутилмоқда. Улар орасида Туркия, Болгария, Афғонистон, Сингапур каби мамлакатлардан туризм вазирлари ва катта инвесторлар бор.
ТАШКИЛОТЧИЛАР: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси.
Форумни 16 хорижий мамлакатларнинг 30 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритади.
Форум тафсилотларини darakchi.uz сайти ҳамда “Даракчи” газетасида кузатиб боринг.






