1

Ўзбекистонда халқаро медиа-конференция, Ёшлар медиа-форуми ҳамда “Озод юрт тўлқинлари” XI анъанавий медиа-фестивали бўлиб ўтади

ЖАМИЯТ 20.11.2018, 09:42
Ўзбекистонда халқаро медиа-конференция, Ёшлар медиа-форуми ҳамда  “Озод юрт тўлқинлари” XI анъанавий медиа-фестивали бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни “NAESMI Media Hall” (“Зарафшон” концерт зали)да Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташкил этилганлигининг 15 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилади.

Жумладан, “Ўзбекистон нодавлат оммавий ахборот воситалари: келажак чақириқлари ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция, Ёшлар медиа-форуми ҳамда“Озод юрт тўлқинлари” XI анъанавий медиа-фестивали ўтказилади. Тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги кўмагида, Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбар ҳамда вакиллари, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари, журналистика йўналишида таҳсил олаётган олий ўқув юртлари талабалари иштирок этади.

“Ўзбекистон нодавлат оммавий ахборот воситалари: келажак чақириқлари ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция

Мазкур конференция нодавлат оммавий ахборот воситаларининг эркин, самарали фаолият юритиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурилишидаги ролини муҳокама қилиш, долзарб масалалар бўйича тажриба алмашиш ҳамда бу борада таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда. Конференция иши 6 та сессияда кўриб чиқилади. Анжуманда “Болаларни тарбиялаш ва уларнинг ривожланишдаги ОАВнинг кенг кўламдаги фаолияти”, “Мустақил журналистиканинг ривожланиши: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт”, “ОАВ, ҳукумат ва фуқаролик жамияти манфаатларини таъминлашдаги ўзаро уйғунлик”, "Парламент комиссияси фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш воситаси”, “Халқаро медиа стандартларнинг асослари. Германия тажрибаси”, ЎзЭОАВМА ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлиги натижаларига оид масалалар муҳокама этилади.

Оммавий ахборот воситалари эркин фуқаролик жамиятининг муҳим институтига айланмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бугунги кунда ўз атрофига 100 дан ортиқ нодавлат электрон ОАВни бирлаштирган ҳолда унга аъзо нодавлат телерадиоузатувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, телерадиоканаллар эфир дастурларини миллий манфаатларимизга мос келувчи контент билан таъминлаш, уларда фаолият юритувчи ижодий ва техник ходимларнинг касбий малакасини ошириб бориш, телерадио-станцияларнинг моддий-техник базасини замонавий техник ускуналар билан таъминлаш борасида самарли ишларни амалга оширмоқда.

Ёшлар медиа-форумида 2019 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ёш журналистлар учун ташкил этилаётган Ёшлар медиа-форумида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ЎзЭОАВМА ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлиги натижалари, 2019 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти, турли муҳокамалар, ёшлар иштирокида янги дастурлар тақдимоти ўтказилади. Тадбир якунида ёшларга оид давлат сиёсатини кенг тарғиб қилиш, ёшлар ҳаётини ёритишда фаоллик кўрсатган ижодий гуруҳлар тақдирланади.

“Озод юрт тўлқинлари” XI анъанавий медиа-фестивалида муносиблар тақдирланади

“Келажак – бугундан бошланади” шиори остида ташкил этилиб, янги форматда нишонланиши режалаштирилган. Тадбирда ёшлар замонавий услубда янгича кўринишдаги чиқишлари билан иштирок этишади. Фестивалда миллийжурналистика ривожига муносиб ҳисса қўшаётган нодавлат телерадиоузатувчиларнинг энг яхши ижодий ва техникходимлари “Инновацион ёндашув учун”, “Оилавийқадриятлар доим трендда”, “Тезкор, аниқ ва батафсил”, “Марказда ёшлар”, “Ҳудудда етакчи”, “ЎзЭОАВМАнинг энг яхши медиа лойиҳалари” номинациялар бўйича телестанция ва радиостанция вакиллари такдирланишади. Шунингдек, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини ёритишда фаол ҳамкорлиги учун”, “Нодавлат телерадиоузатувчилар ривожига қўшаётган ҳиссаси учун”, “ЎзЭОАВМА билан ишончли ва узоқ йиллик ҳамкорлиги учун”, “Болалар ва ёшлар йўналишидаги фаол ҳамкорлик учун”, “ЎзЭОАВМА билан самарали ижтимоий шериклик учун” номинациялари бўйича эса ҳамкор ташкилотлар тақдирланишади. Ғолибларга “Озод юрт тўлқинлари” ҳайкалчалари, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1