АсосийJamiyat

Молия вазирлиги: Газни қиммат сотаётган шохобчалар жазога тортилади

'Молия вазирлиги: Газни қиммат сотаётган шохобчалар жазога тортилади'ning rasmi

Шу йилнинг 16 ноябридан автомобилларга газ шохобчалари орқали қуйилаётган газ нархлари таҳлили шуни кўрсатдики, улар томонидан реализация қилинаётган табиий газ нархи 300-400 сўмга қимматлаган (1700-1800 сўмдан 2000-2200 сўмгача).

Молия вазирлигининг маълум қилишича, автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали реализация қилинаётган табиий газ нархини оширишга асос йўқ.

Маълумот учун: 16 ноябрга қадар газ-заправкаларга етказиб берилаётган 1 кубометр табиий газнинг нархи — 789 сўм 74 тийин (бунинг 289,74 тийини — табиий газнинг улгуржи сотиш нархи, 500 сўми — махсус инвестиция устама ҳақи).

Молия вазирлиги газ-заправкалар томонидан нархнинг 17 фоизга оширилишини асоссиз, деб билади. Агар нархлар 15 ноябргача бўлган ҳолатга қайтмаса, тегишли санкцияларни кўришга мажбур бўлади. Жумладан, транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқишга ёки бошқа фискаль чораларни кўришга мажбур бўлади.

Ҳозирги пайтда Давлат рақобат қўмитаси, “Ўздавнефтгазинспекцияси” ва давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ноҳалол рақобат фактларини аниқлаш мақсадида газ-заправкаларда нархлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича топшириқ берилган.

Эслатиб ўтамиз, метан газнинг ҳудудларда ҳар хил нархларда сотилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

    Бошқа янгиликлар