Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейида Соғлом бола йилига бағишланган “Мўъжаз санъатнинг сеҳрли олами” деб номланган бадиий кўргазма очилди, дея хабар беради ЎзА.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда тасвирий санъатни ривожлантириш, бу борадаги умрбоқий анъаналарни давом эттириш ва ёш истеъдод эгаларини рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Кўргазмада миниатюрачи рассомлар Баҳодир, Беҳзод ва Шерзод Ҳожиметовларнинг асарлари намойиш этилмоқда.
Ушбу рассомлар ижоди серқирралиги ҳамда ўзгача нафосати билан эътиборни тортади. Она юртимизнинг бетакрор манзаралари, асрлар оша етиб келган миллий қадриятларимиз, замондошларимиз ва аждодларимиз сиймолари ўзига хос тарзда қоғоз, панно, лаган, қутича, томошақовоқ, локли металл ҳамда терида маҳорат билан ифодаланган.
Кўргазмадан ўрин олган саксонга яқин асар орасида “'Мирзо Улуғбек”, “Шарқона тўй”, “Бобур” каби асарлар ўзининг нафис ва ёрқинранг чизгилари, композицион жозибаси билан томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.
– Мамлакатимизда юртдошларимизнинг билим олиши, ўз қизиқиш ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариши, меҳнат қилиши учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Баҳодир Ҳожиметов. – Ушбу кўргазмада замондошларимизга диёримизнинг ўтмиши, бетакрор табиати, халқимизнинг ноёб қадриятларини тасвирий санъат орқали таништириш асосий мақсадимиздир.
23.10.2014 08:56





