“Катта Лангар” Қуръони

МАДАНИЯТ 03.12.2018, 19:19
“Катта Лангар” Қуръони

Қуръони Каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхалардан бири “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган, бугунги кунда саҳифалари Санкт-Петербург, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида сақланаётган қўлёзмадир.

Қўлёзманинг бизгача етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси бугунги кунда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Ушбу китобни чуқур тадқиқ этган россиялик олим, тарих фанлари доктори, профессорЕфим Анатольевич Резваннинг ёзилишича, ушбу қўлёзманинг яратилишиVIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади[1]. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда инсттутут томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 52,5х34,0 см.ни ташкил этган. Матнлар араб алифбосининг энг қадимий турларидан бўлганкўфий-ҳижозий хатида битилган.Саҳифаларнинг айримлари жуда яхши сақланган, баъзиларига, айниқса саҳифаларнинг бурчакларигажиддий зарар етган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида уқайтатаъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган. Ушбу матнларнинг асосий қисмини бироз дағалроқ шаклда, насх ва настаълиқ хатида битилган Қуръон оятлари ташкил этади[2].

Қўлёзманинг Санкт-Петербургда сақланаётган қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари (шундан 22 таси тўлиқ) ўрин олган. Дастхатдаги фарқларга қараганда,бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган.Китоб ҳажмининг катталигини ҳисобга олсак, уни тенг иккига бўлган ҳолда кўчиришган деб тахмин қилиш мумкин. Кейинчалик матнга қизил сиёҳ билан тузатишлар киритилган, ўчиб кетган сўзлар ҳам худди шу рангдаги бўёқ билан қайта тикланган.

Албатта, бу нодир қўлёзма анча пайт мутахассислар диққат марказида бўлиб келди. Аммо ҳеч унинг бағрида яширинган синоатлар очишга журъат этолмади. 1998 йилда профессор Е.А.Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб,у билан бирга Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби инстутутда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан билан айнан бир хил эди.

Кейинчалик Е.Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади.

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, шундан биттаси Абу Райҳон Беруний номидагиШарқ қўлёзмалари марказида, биттаси Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида, иккитаси Бухоро вилоят кутубхонасида, 12 варағиКатта Лангар қишлоғида сақланади.

Шарқшунослик институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26-61оятлари кўчирилган. Тарихий маълумотларга кўра, қора сахтиён жилд билан муқоваланган бу муборак саҳифа Бухоро амирлигининг сўнгги қозикалони Муҳаммад Шарифжон Махдум Садри Зиёнинг (1862-1932) шахсий кутубхонасидан келтирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садри Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи Халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) замонасида кўчирилган китобга тегишли эканини айтилади.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида сақланаётган яна иккита саҳифада “Қасас” сурасининг 35-81 оятлари битилган бўлиб,дастлабБухорода 1860-1885йилларда ҳукмронлик қилган Амир Музаффарнинг ўғли,Ҳашмат тахаллуси билан шеърлар ёзган Муҳаммад Сиддиқ (1857-1927)нинг кутубхонасида сақланган.

Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида сақланаётган саҳифаларнинг чарм муқовасида муқовасознинг исми (Муҳаммад Носир) ҳамда 1255 (1839-1840) санаси ёзилган. Ушбу саҳифаларда “Нисо” ва “Анъом” сураларининг парчалари ўрин олган.

Маълумотларга қараганда, саҳифалар узоқ вақт давомида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати намояндалари томонидан асраб келинган. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида Ўзбекистонда диний ва миллий қадриятларга қарши кураш бошлангач, ушбу қўлёзанинг ҳам катта қисми атайин йўқ қилинган ёки яширилган. Тегишли идораларининг кўрсатмасига биноан Катта Лангар зиёратгоҳидаги тарихий буюмлар, қадимий қўлёзмалар ҳам мусодара қилинди. Шунда қишлоқ оқсоқолларидан бири, марҳум Тўхта бобо Ражабов қўлёзманинг 12 саҳифасини асраб қолишга муваффақ бўлади. Орадан ўн йил ўтиб, мустақиллик йилларида ушбу муборак саҳифалар яна Катта Лангар зиёратгоҳига қайтарилди.

Қўлёзманинг яна бир саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланмоқда. Унда “Бақара” сурасининг 126-144 оятлари ёзилган.

Айни пайтда бешжойда сақланаётган ушбусаҳифалардаоятлар бир-бирини такрорламаслиги, дастхат, хомашё, хат тури ва матнга киритилган тузатишларнинг бир хиллиги уларнинг бир пайтларбитта қўлёзма таркибий қисмлари бўлганиданёрқин далолат беради. Тахминларга кўра, қўлёзманинг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.

2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментинингнамуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775-995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф.Дерош ҳам тасдиқлайди[3].

Катта Лангардаги Қуръони карим қўлёзмаси бу ерга қандай келиб қолгани ҳақида турли тахминлар илгшари урилади. Шуниси аниқки, муддат ушбу зиёратгоҳда сақланиб келган. XIX аср охирларида қўлёзманинг бир қисми номаълум сабабларга кўра, мамлакатдан олиб чиқиб кетилган ва юқорида таъкидланганидек, 1936 йилда И. Ю.Крачковскийнинг қўлига етиб борган. Қўлёзманинг бошқа саҳифалари ҳар хил одамлар томонидан олиб кетилган. Хуллас бугунги кунда бу нодир китоб саҳифаларининг ярмидан кўпроғи қаерда, кимларнинг қўлида экани ҳамон сирлигича қолаётир.




Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1