Коллеж битирувчиларини ишга жойлашда камчиликка йўл қўйган туман ҳокимлари "қаттиқ танқид" қилинди

ЖАМИЯТ 24.10.2014, 10:56
Коллеж битирувчиларини ишга жойлашда камчиликка йўл қўйган туман ҳокимлари "қаттиқ танқид" қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг 21 октябрь куни бўлиб ўтган тўққиз ойлик якунлари бўйича мажлисида коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Муҳокама давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ишларини ташкил этишдаги йўл қўйилган камчиликлар учун республиканинг бир қанча туманлари ҳокимлари фаолияти қаттиқ танқид қилинди.

Хабарда айнан қайси туманларда шундай камчиликларга йўл қўйилгани маълум қилинмаган, бироқ улар олдига камчиликларни бартараф этиш ва касб-ҳунар коллежларининг барча битирувчиларини ишга жойлаштириш учун янги доимий иш ўринларини қўшимча равишда ташкил этишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилгани баён этилган.

«Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, тижорат банклари, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларига янги иш ўринлари ташкил этишнинг 2014 йил учун белгиланган параметрларини бажариш ҳамда жорий йилда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўлиқ ишга жойлаштиришни таъминлаш учун амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди», – дейилади ЎзА хабарида.

Маълумот учун, 2014 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 777,8 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Йил охиригача эса 983,6 мингта янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.

Манба: kun.uz

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1