АсосийJamiyat

Андижонда ҳосил байрами халқ сайли сифатида нишонланди (фото)

'Андижонда ҳосил байрами халқ сайли сифатида нишонланди (фото)'ning rasmi

Андижон вилоятининг Улуғнор туманида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ҳосил байрами тантаналари ўтказилди.

Оқ олтин қишлоғидаги Обод маҳалласи ҳудудида 18 гектар майдон ҳозирланди. Барча шаҳар ва туманларнинг байрам чодирлари тикланди. Кун давомида моҳир дарвозларнинг чиқишлари, таниқли эстрада хонандаларининг концерт дастурлари намойиш этилди. Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилди.

Шу куннинг энг асосий воқелиги сўзсиз улоқ-кўпкари мусобақалари бўлди. Деярли чорак асрдан буён бундай қадимий халқ ўйинларимиз уюштирилмай келаётган эди. Шунинг учун барча ўзгача кайфиятда, зўр иштиёқ билан тайёргарлик кўрди.

Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан, Наманган, Фарғона, Жиззаҳ, Тошкент вилоятлари, шунингдек қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоқистондан жами 700 нафардан зиёд полвонлар ўз маҳоратларини намойиш этдилар, деб ёзмоқда "Андижоннома" газетаси ижодкорлари.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани қизғин қутлаб, байрам билан самимий табриклади. Даврага биринчи бўлиб, от солиб мусобақани бошлаб берди.

Энг кекса улоқчи сифатида Қирғизистоннинг Ўш вилояти Абшир-ата қишлоғидан ташриф буюрган 100 ёшли Қарибек Сулаймонов Марказий Осиё халқларининг бу қадимий анъанаси ҳақида сўзлаб берди. Ота-боболари чорвадор ўтган оқсоқол ҳам чўпонлик касбини улуғлаб келган. Бисотидаги энг катта бойлиги - аждодларидан қолган 250 йиллик хасса хали хануз унинг қўлидан тушмаган.

— Бундай гўзал халқ анъанасига биринчи бор гувоҳ бўлишим, - дейди Россия Федерациясининг пойтахтидан ташриф буюрган Максим Гимадетдинов. — Таассуротларим бир олам. Вилоятингизга нефть соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида келган эдик. Ўйлайманки, бундай азаматлар юртида бизнесимиз ҳам гуллаб-яшнайди.

Ҳақиқий меҳмондўстлик намуналарини вилоят қирғиз миллий маданий марказининг фаоллари ҳам намойиш қилдилар. Улар томонидан тикланган ўтовдан байрам қатнашчиларининг қадами аримади.

Қизғин ва муросасиз кечган ҳалол бахсда Андижон тумани, Бўтақора қишлоғилик Сулаймон полвон Мамасолиев улоқни олиб кетди. Унга вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан қўйилган бош соврин - Кобальт автомашинаси топширилди. Яна бир йирик соврин – Спарк автомашинаси Жалолобод вилояти Сузок туманилик Абдухалил полвон Сариковга насиб этди. Улоқ-кўпкарига барча шаҳар ва туман ҳокимлари ҳам ўз совринларини қўйдилар. Уларга ҳам энг абжир чавандозлар эга чиқдилар.

Шунингдек, Ҳосил байрамида Андижонча ош танлови ўтказилди. Паловхон тўранинг бетакрор таъмидан минглаб юртдошларимиз баҳраманд бўлдилар.

    Бошқа янгиликлар