1

Ишга жойлашганлик тўғрисидаги сохта ҳужжатлар фош этилди

ЖАМИЯТ 27.10.2014, 17:04
Ишга жойлашганлик тўғрисидаги сохта ҳужжатлар фош этилди

Фарғона вилояти Бешариқ туман прокуратураси томонидан битирувчиларни иш билан таъминлаш жараёни мониторинг қилинди. Мониторинг давомида тумандаги баъзи касб-ҳунар коллежлари битирувчилари томонидан ишга жойлашганлик ҳақида сохта ҳужжатлар тақдим этилгани аниқланди.

Масалан, расмий маълумотда тумандаги Ижтимоий-иқтисодиёт коллежини 2013-2014 ўқув йилида битирган талабаларнинг 451 нафари ишга жойлаштирилган. Ҳужжатларда коллеж битирувчиларидан бири "Яхшиев Ғуломжон орзуси" фермер хўжалигида иш бошлаган. Бироқ текширишларда туман ҳокимининг 2008 йил 11 ноябрь кунги қарори билан ушбу фермер хўжалигининг фаолияти тугатилганлиги аниқланди. Битирувчи номига очилган меҳнат дафтарчасига эса ишчи вазифасига қабул қилингани тўғрисидаги сохта маълумотлар киритилиб, тугатилган фермер хўжалигига тегишли муҳр билан тасдиқланган.

Ушбу коллежнинг яна уч нафар битирувчиси  умумтаълим мактабларига ишга қабул қилингани ҳақида маълумот берилган. Бироқ уларнинг мактабда ишламаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, тумандаги Тиббиёт коллежини 2013-2014 ўқув йилида битирганларнинг 145 нафари иш билан таъминлангани ҳақидаги маълумотларда ҳам кўзбўямачиликка йўл қўйилганлиги фош бўлиб қолди. Хусусан, битирувчилардан бирининг меҳнат дафтарчасига "Усмонобод" фермер хўжалигига ишга қабул қилингани ҳақида сохта ёзув киритилиб, муҳр билан тасдиқланган. Текширишда аниқланишича, ушбу фермер хўжалигининг фаолияти туман ҳокимининг 2014 йил 7 март кунги қарори билан тугатилган.

Фаолияти тугатилган фермер хўжаликларидан ташқари, ҳали иш бошламаган муассасага ҳам битирувчиларнинг ишга қабул қилингани ҳақида сохта буйруқлар чиқарилганлиги аён бўлди. Ана шундай буйруқ билан ҳамширалик йўналиши битирувчиси гарчи туман ҳокимлиги инспекциясида рўйхатдан ўтган бўлса-да, фаолиятини бошламаган "Бешариқ шифо маскани" хусусий корхонасига ишга қабул қилинган.

Мониторингда аниқланган мазкур коллежлар битирувчиларини ишга жойлаштириш борасидаги қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ва битирувчиларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1