13 декабрь куни МТРКнинг медиа марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан «Ёш китобхон» танловининг 2018 йилги республика босқичига старт берилди.
Мазкур танлов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республлика Халқ таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ўтказилиб, ундан кўзланган мақсад эса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва уларнинг интеллектуал салоҳият ва маънавий савиясини оширишдир.
Ҳозирга қадар «Ёш китобхон» танловида 720 минг нафар ёшлар иштирок этиш учун мурожаат қилган. Саралаш босқичларида биргина 20-30 ёш тоифасидаги 1128 нафар иштирокчилардан 14 нафари республика босқичига етиб келди.
Дастлабки кун қатнашчилар «Ўзбек адабиёти билимдони» бўйича баҳсга киришиб, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Пиримқул Қодиров, Мурод Муҳаммад Дўст, Асқад Мухтор каби адибларнинг асарларини шарҳлаб беришди.
Ҳакамлар ҳайъатининг белгиланган мезонлар асосида баҳолаш натижаларига кўра «Ўзбек адабиёти билимдони» шарти бўйича 88,6 балл билан Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилаётган Дилнавозхон Нажимова 1-ўринни, бухоролик Саломатхон Субҳонова 88 балл билан 2-ўринни эгаллаб турибди. 3-ўрин эса 87.3 балл тўплаган андижонлик Шоҳсанамхон Каримовага насиб этди. Навбатдаги 2-3-4- шартлар ҳал қилувчи жараён ҳисобланиб, сўнгги кўрсаткичлар Президент совғаси «Спарк» автомобили соҳибини аниқлаб беради.
Танловнинг 2-3-шартлари бугун 14 декабрь куни МТРКнинг медиа марказида ўтказилади.