Тошкентда 14 декабрь куни мазкур ташриф муносабати билан “Меҳнат соҳаси истиқболи: халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб меҳнат билан бандликни таъминлаш ташаббуслари” мавзусида халқаро конференция бошланди.
Тадбир давомида Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюрди.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан мутахассислар, юқори даражадаги экспертлар жам бўлган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, халқаро конференция иштирокчилари аҳоли, айниқса, ёшлар ва хавфсиз меҳнат муҳожирлиги бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан таништирилади.
Халқаро анжуманда Марказий ва Шарқий Осиё меҳнат вазирликлари, БМТТД, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ, Халқаро миграция ташкилоти ва Осиё тараққиёт банки вакиллари муносиб меҳнат ва бандлик, хавфсизлик ва меҳнат миграциясини тартибга солиш, Ўзбекистон ва жаҳон учун долзарб бўлган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этмоқда.
Маълумот учун: Халқаро Меҳнат Ташкилоти меҳнат масалалари бўйича БМТ махсус ихтисослашган тузилмаси ҳисобланади. У халқаро меҳнат стандартларини белгилайди, ишда ҳуқуқларни қўллаб-қувватлайди, ишга жойлашиш учун муносиб имкониятларни яратади, ижтимоий ҳимояни кучайтиради ва меҳнат соҳасига оид масалалар бўйича мулоқотни тарғиб қилади. ХМТнинг ноёб тузилмаси ҳукумат ва иш берувчиларнинг ҳам, ишчиларнинг ҳам вакилларини бирлаштиради. ХМТ 187 аъзо давлатга эга. ХМТ Котибияти Швейтсариянинг Женева шаҳрида ва дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида техник мутахассисларга ва ҳодимларнинг глобал тармоғига эга.






