Тошкенда меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан ўтказилаётган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева мамлакатимиз Халқаро меҳнат ташкилотининг тўлақонли аъзоси эканлиги, шу вақтгача ХМТнинг 14 та конвенцияси ратификация қилингани ҳақида тўхталиб, ҳукумат меҳнат муносабатларига зид ҳолатларга йўл қўймаслигини қатъий таъкидлади, деб ёзмоқда ЎзА.
- Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида шуни тан оламанки, муносиб иш ўринлари тақчиллигига аввало аёлларимиз дуч келмоқда, - деди Т.Норбоева. - Аҳолимизнинг 80 фоизи оилада эркак киши пул топиши керак, аёл фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Жамиятда сақланиб қолган шу каби патриархал қарашлар хотин-қизларимизнинг муносиб иш ўринларига жойлашишига ҳалақит бермоқда.
Т.Норбоева шунингдек, мамлакатимизда ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари доирасида ҳукумат даражасида олиб борилаётган ишлар мазмунига тўхталди.






