Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши «Ёшлар пресс клуби»да таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт» шиори остидаги кўрик танловнинг «Энг яхши плакат», «Энг яхши сурат», «Энг яхши баён» номинациялари бўйича республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 20 мингга яқин таълим муассасалари ёшлари 300 га яқин плакатлар, суратлар ҳамда 500 га яқин иншолар билан иштирок этишди.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Олий таълим муассасалари талабалари ва ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ўртасидаги танловда «Энг яхши плакат» номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабаси Умид Норчаев ҳамда Тошкент вилояти, Ангрен транспорт ва хизмат кўрсатиш Касб ҳунар коллежи ўқувчиси Виктория Якимовалар 1-ўринни, Фарғона вилояти, Фарғона политехника институти талабаси Мухлиса Хусанова ва Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳар Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилора Бекмурадовалар 2-ўринни, Хоразм вилояти, Урганч давлат университети талабаси Моҳинур Қурёзова ҳамда Сурхондарё вилояти, Ангор педагогика коллежи ўқувчиси Гўзала Сафаровалар 3-ўринни қўлга киритди ҳамда ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
«Энг яхши сурат» номинацияси бўйича Тошкент давлат педагогика университети талабаси Зиётбек Отакшиев, Қорақалпоғистон Республикасидаги Нукус автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Туранбек Жалгасбаев 1-ўринга, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Султонмурод Пардаев ва Сирдарё вилояти, Бахт енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гайнулин Рефат 2-ўринга, Бухоро давлат университети талабаси Сардор Равшанов ҳамда Наманган вилояти Жомашўй мелиорация ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Феруза Мирахмедовалар 3-ўринга сазовор бўлди.
—Ушбу танловда коррупцион муҳит акс этган суратларим билан иштирок этдим. Ижодий ишимда ўз хизмат лавозимини суистеъмол қилган ҳолда давлат мулкига хиёнат қилаётган мансабдор шахсларнинг тараққиёт кушандасига айланаётганлиги, бу иллат мамлакатни ич-ичидан емириб боришини тасвирлаб, 1-ўрин соҳиби бўлдим, – дейди Тошкент давлат педагогика университети талабаси Зиётбек Отакшиев.
«Энг яхши баён» номинациясида 1-ўринни Бухоро давлат тиббиёт институти талабаси Муҳриддин Найимов, Фарғона вилояти Марғилон педагогика коллежи ўқувчиси Нилуфар Музаффаровалар, 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси давлат университети талабаси Темурбек Ибраимов, Хоразм вилояти Хонқа маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Севара Юсуфбоевалар, 3-ўринни Фарғона политехника институти талабаси Икромжон Исмоилов ва Навоий вилояти Хатирчи уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳулкар Сувоновалар эгаллади.
Шаҳноза Нуруллаева