2014 йил 1 октябр ҳолатига давлат солиқ хизмати органларининг “Ишонч телефон”ларига қилинган фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 1191 та ҳолатда жами 127831,8 минг сўм миқдорида назорат - касса машинасига кирим қилмаслик, 695 та тегишли ҳужжатларсиз маҳсулотлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда 55 та бошқа солиқ қонунларини бузиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар беради қўмита расмий сайтида.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчилар билан бевосита алоқада бўлиш орқали уларнинг мурожаатларини ўрганиб бориш ва юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу борада барча давлат солиқ хизмати органларида фаолият юритаётган «Ишонч телефон»лари солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатлари, солиқ тўловчилар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда “Ишонч телефон”ларига қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги ҳамда тўловларни пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб “Терминал” аппаратлари ишлатилмаётганлиги ва шу билан боғлиқ масалалар хусусидадир.