1

​Самарқанд вилояти ҳокимига очиқ мулоқотда 787 мурожаат тушди

ЖАМИЯТ 25.12.2018, 11:10
​Самарқанд вилояти ҳокимига очиқ мулоқотда 787 мурожаат тушди

23 декабрь куни Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти ўтказилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоят раҳбари жонли эфир орқали фуқаролардан келган саволларга жавоб беришдан аввал 2018 йилдаги фаолияти ва келгусидаги вазифалари ҳақида тўхталар экан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, қурилиш, ободонлаштириш, улар учун янада қулай турмуш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

Икки соатлик мулоқот давомида вилоят ҳокими юзлаб аҳолининг мурожаатларини тинглади. Фуқаролар томонидан ўртага ташланган масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли бошқарма, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига вазифалар юклатилди. Аксарият саволларга телестудиянинг ўзида жавоб қайтарилди ва ечим топилди.

- Ушбу бевосита очиқ мулоқот ўтказилиши ҳақида беш кун олдин вилоятимиздаги барча оммавий ахборот воситаларида эълон берилди, – дейди вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири Мирзо Ихтиёров. - Ўтган вақт мобайнида кўрсатув чоғида студиядаги телефонлар ва электрон манзиллар орқали аҳолидан 800 га яқин саволлар келиб тушди. Саволларнинг аксариятига студиянинг ўзида вилоят ҳокими томонидан жавоб берилди ва вилоятдаги тегишли бошқарма ва идоралар раҳбарларига ўрганиш учун юборилди.

- Бевосита мулоқот чоғида халқимиз томонидан баён этилган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллиги ошиб бораётганини кўрсатди, - деди вилоят раҳбари мулоқот якунида. – Демак, жамиятдаги ўзгаришларга аҳоли бефарқ эмас. Саволларни таҳлил қилар эканмиз, энг кўп мурожаат коммунал хизмат, айниқса, табиий газ етишмовчилиги, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот масалалари билан боғлиқ экани аён бўлди. Демак, мазкур идоралар вакиллари, мутасаддилар халқнинг дардини тинглаши, уларнинг ташвишини енгиллатишга ҳаракат қилиши, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиб, зиммасидаги масъулиятни ҳис қилиб ишлаши лозим.

Мулоқот якунида вилоят раҳбари барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан қутлаб, турмушимизда учраётган муаммоларни кўтариб чиққан, вилоят ижтимоий-иқтисодий юксалиши учун ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини фаол билдириб келаётган самарқандликларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1