АсосийJamiyat

Марказий ҳарбий клиник госпиталида 160 беморга мўлжалланган бино қайта таъмирланди

'Марказий ҳарбий клиник госпиталида 160 беморга мўлжалланган бино қайта таъмирланди'ning rasmi

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг ички касалликлар бўлими биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур бинода етти ой олдин капитал таъмирлаш ишлари бошланган эди. Жорий ойда таъмирлаш ишлари якунига етиб, кеча, 25 декабрь куни бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Унда Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, нафақадаги ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий шифокорлар иштирок этди.

11 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига капитал таъмирдан чиққан ички касалликлар бўлими биноси эндиликда бир вақтнинг ўзида 160 беморни қабул қилиб, уларга зарур муолажаларни кўрсата олади.

“Барчамиз яхши биламиз, госпиталимиз Марказий Осиёда ўз ўрни ва мавқеига эга. Бу ерда етук малакали ҳарбий шифокорлар фаолият юритади. Бугун фойдаланишга топширилаётган ички касалликлар бўлими ҳам тиббий хизматга эҳтиёж сезган ҳарбий хизматчиларнинг соғайиб, тезроқ жамият ва армия сафига қайтишлари учун ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз”, – дейди Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи полковник Носиржон Фозилов.

Замонавий ва илғор технологиялар асосида таъмирдан чиққан ушбу бинода қишин-ёзин беморларнинг мўътадил ҳаво иқлимда шифо топиши, соғлигини тиклаши учун қулайликлар яратилган.

Шинам ва ёруғ хоналар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш учун ташкил этилган мўъжаз кутубхона беморлар руҳиятининг тикланишида анча асқотади. Хона ва залларни бўяшда ишлатилган ранглар эса киши кўнглига сокинлик улашади.

    Бошқа янгиликлар