АсосийJamiyat

Вилоят ҳокими истеъдодли ёшлар билан учрашди

'Вилоят ҳокими истеъдодли ёшлар билан учрашди'ning rasmi

Гулистон шаҳрида Янги йил байрами куни ўз фаолиятини бошлаган “Учрашув” кафесида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев турли халқаро ва мамлакат миқёсидаги беллашув, танлов ва фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган ёш спортчилар, истеъдодли ёшлар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва унинг қошидаги “Камалак” болалар ташкилотининг сардорлари билан учрашув ўтказди.

Ҳоким вилоят ёшларининг турли танловларда эришаётган ютуқлари, айниқса сирдарёлик ёш спортчилар жаҳон миқёсидаги спорт беллашувларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилаётганларини фахр билан тилга олди.

Вилоятда амалга оширилаётган ва оширилиши режалаштирилган улкан бунёдкорлик ишлари, ёш тадбиркорлар учун ажратилаётган банк кредитлари, яратилаётган янги иш ўринлари тўғрисида ҳам атрофлича тўхталди.

Тадбирда вилоят ҳокимига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг ташаккурномаси топширилди.

Ёшлар турли масалалар юзасидан вилоят ҳокимига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Ҳар бир савол, масалага аниқ ва атрофлича жавоб берилиши билан бирга, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Учрашув якунида вилоят ҳокими йил давомида фаол бўлган спортчилар, ёшлар ва сардорларнинг ота-оналарига ташаккурномалар, ўзларига эса фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширди.

ЎзА

    Бошқа янгиликлар