1

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ваҳоб Раҳимов 80 ёшида вафот этди

ЖАМИЯТ 30.10.2014, 08:52
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ваҳоб Раҳимов 80 ёшида вафот этди

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Геология ва кончилик соҳасидаги йирик олим, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ваҳоб Раҳимов 80 ёшида вафот этди, дея хабар беради ЎзА.
В.Раҳимов 1934 йили Самарқанд шаҳрида туғилди. 1957 йилда Ўрта Осиё политехника институтини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг кончилик бўлимида илмий ходим сифатида иш бошлади. Кейинчалик Москва кончилик иши институти аспирантурасида таҳсил олди. 1963 йилда номзодлик, 1972 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олим ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент давлат техника университети “Маркшейдерлик иши” кафедраси доценти, кафедра мудири, кон-металлургия факультети декани ва университет проректори каби масъул лавозимларда ишлади. Геология ва геофизика, кон муҳандислиги ва геодезия соҳасидаги долзарб масалаларни илмий ўрганиш, илм-фаннинг мазкур мураккаб йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига катта ҳисса қўшди.
Атоқли олимнинг тоғ жинсларини қазиб олишнинг назарий ва амалий масалаларига бағишлаб ёзган кўплаб мақола ва рисолалари, илмий ихтиролари соҳа мутахассислари ва илмий жамоатчилигимизга яхши маълум.
Заҳматкаш олим ўз фаолияти давомида меҳрибон ва талабчан устоз сифатида кўплаб ёшларга геология ва кон муҳандислиги сирларидан сабоқ берди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланди.
Академик В.Раҳимовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонига ва “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлган эди.
Таниқли олим, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ваҳоб Раҳимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
И.Каримов, И.Собиров, Д.Тошмуҳамедова, Ш.Мирзиёев, Ш.Солиҳов  

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1