1

Ўзбекистондан Тожикистонга ўтиб-қайтувчилар бир неча юз баробарга кўпайди

ЖАМИЯТ 03.01.2019, 19:20
Ўзбекистондан Тожикистонга ўтиб-қайтувчилар бир неча юз баробарга кўпайди

Сўнгги бир йилда Ўзбекистондан Тожикистонга ўтиб-қайтувчилар сони бир неча юз баробарга кўпайди, деб ёзади ЎзА. Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган «Ойбек» чегара божхона пости орқали бир кунда қўшни давлатга ўтиб-қайтувчилар 800 фоизга ошди.

– Бундан бор-йўғи икки йил муқаддам чегара божхона постимиз орқали бир кунда Тожикистонга кўпи билан 600 нафаргача йўловчи ўтиб-қайтган, – дейди «Ойбек» чегара божхона пости бошлиғи, подполковник Зиёдулла Ражабов. – Айни пайтда эса постимиз орқали бир кунда 3 мингдан 5 минг нафаргача йўловчи ўтиб-қайтмоқда. Бу албатта, Президентлар, хусусан Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан виза режимининг қулайлаштирилгани, чегара постларида кўрсатилаётган хизматлар сифатининг оширилиши натижасидир.

Дарҳақиқат, Президентнинг 2018 йил 14 мартдаги тегишли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 9 март куни имзоланган фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битим тасдиқланди. Қарорга мувофиқ, 2018 йил 16 мартдан бошлаб Тожикистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз сафар қилишлари мумкин бўлди.

«Ойбек» чегара божхона пости орқали ҳаракатланувчи фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида божхона пости замонавий божхона аппаратлари, кузатув камералари, техник назорат воситалари ва жиҳозлари билан таъминланган. Ёш болали йўловчиларнинг қулай ҳаракатланиши, божхона пости орқали ўтиб-қайтувчиларга зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, кутиш залида меҳмонларни кутиш учун барча зарур шароит яратилган. Масканда фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар ва моддий бойликлар меъёри ҳамда валюта қимматликлари тўғрисидаги маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида жойлаштирилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1