1

Узоқ масофадан мактабга қатнайдиган ўқувчи-ёшларга велосипедлар тарқатилмоқда

ЖАМИЯТ 04.01.2019, 20:49
Узоқ масофадан мактабга қатнайдиган ўқувчи-ёшларга велосипедлар тарқатилмоқда

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан Фурқатга янги велосипед совға қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.

– Отам оламдан ўтганлар, онам, укам ва мен бирга яшаймиз, – дейди Қамаши туманидаги 48-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Фурқат Қобилов. – Укам иккаламиз 4 километр узоқликдан мактабга келишга анча қийналар эдик. Бизга совға қилинган велосипед мушкулимизни осон қилди. Энди сира дарсга кеч қолмаймиз.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти Кенгаши томонидан Янги йил байрами муносабати билан вилоятнинг чекка қишлоқларига ташриф буюриб, у ерда узоқ масофадан мактабга қатнайдиган ўқувчи-ёшларга байрам совғаси сифатида велосипедлар тарқатилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Қамаши тумани ҳам бўлиб ўтди. Унда узоқ масофадан мактабга қатнаб ўқиётган 6 нафар ёшга байрам совғалари тақдим этилди.

– Илмий жиҳатдан 2-2,5 километр масофа юриш инсон учун анча фойдали, – дейди Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов. – Аммо, 3 километрдан зиёд масофа босиб, чарчоқ аломатлари билан дарсга кириш ҳамда берилган топшириқларни хотирада сақлаб қолиш анча мушкул. Ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, ушбу лойиҳани амалиётга кенг татбиқ этиш ниятидамиз. Лойиҳа давомида узоқ масофадан мактабга қатнайдиган ўқувчилар учун 100 дона велосипед тарқатишни мўлжаллаяпмиз. Келгусида бу жараённи янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1