Президент Фармонига мувофиқ, Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини бериш белгиланган. Шунга кўра, қуйидаги янги виза турлари жорий қилинади:
- "Vatandosh" – асли ўзбекистонлик бўлган кишилар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган қариндошлари томонидан таклиф этилган ҳолларда берилувчи икки йиллик виза;
- "Student visa" – Ўзбекистонда жойлашган таълим муассасаларида таҳлис олаётган чет эллик талабаларга бериладиган бир йиллик виза. Ушбу виза республикадаги таълим вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари мурожаатига асосан расмийлаштирилади;
- "Academic visa" – Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва таълим фаолиятини олиб бориш истагида бўлган чет элликлар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга, Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари мурожаатига кўра берилади;
- "Medical visa" – Ўзбекистонга даволаш-профилактика муассасалари таклифига асосан ташриф буюрувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза.
- "Piligrim visa" – зиёрат визаси бўлиб, ушбу виза сайёҳлик фаолияти субъектлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сўровига кўра чет эллик фуқароларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун 2 ойгача бўлган муддатга берилади.