1

23 ёшли ўзбек йигити Магнитогорскдаги вайроналар остида қолган 8 кишини ҳаётини сақлаб қолди

ЖАМИЯТ 07.01.2019, 14:45
23 ёшли ўзбек йигити Магнитогорскдаги вайроналар остида қолган 8 кишини ҳаётини сақлаб қолди

Ўзбекистонлик 23 ёшли ишчи Алан Абдуллаев Россиянинг Магнитогорск шаҳрида портлаш оқибатида қулаб тушган кўп қаватли уй вайроналари остидан саккиз кишини биринчилардан бўлиб, ҳали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари келмасиданоқ қутқаришга муваффақ бўлган. Россия матбуоти Абдуллаевни "ҳақиқий қаҳрамон", дея таърифламоқда.

Магнитогорск шаҳридаги қурилишлардан бирида ишловчи ўзбекистонлик 23 ёшли Алан Абдуллаев 31 декабрь куни саҳарда портлаш овозини эшитади. У одамларга ёрдам бериш учун портлаш рўй берган турар жой биноси томон шошади.

Қутқарувчилар етиб келгунига қадар Алан уй вайроналаридан саккиз одамни қутқаришга муваффақ бўлган.

"Портлаш овозини эшитишим биланоқ, дарров кийимимни алмаштирдим. У ерда одамлар турган эди – ҳеч ким ёнига бормади. Вайрон бўлган квартирада ёш болали аёлни кўрдим. Қайси қаватдалигини ҳозир эслолмайман. Шу ерга тирмашиб, чиқиб уларни пастга олиб тушдим. 20-25 дақиқалардан сўнг ФВВдан келишди. У ерда туриб, Женя исмли ФВВдан келган йигитни кутдим. Женя билан ёнғин бўлаётган жойга чиқдик. У ерда кекса аёл ёнғинда қолиб кетган экан. Уни ёнғиндан чиқардик. ФВВдагилар келганида, мен уларга вайроналар остида қолган одамлар бор жойларни кўрсатдим", – деган Алан Абдуллаев.

Ҳозирги кунда Алан ҳар куни кўнгилли сифатида қутқарувчиларга ёрдам бермоқда.

Алан Абдуллаев Магнитогорскда қурилишда ишлайди. Бундан ташқари у жанг санъати билан шуғулланиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Магнитогорскда 31 декабрь куни юз берган портлаш оқибатида вайрон бўлган бино остида қолиб кетган 39 киши қурбон бўлди. Россиянинг Челябинск вилояти Магнитогорск шаҳрида маиший газ портлаши оқибатида кўп қаватли уйларнинг бирининг подъезди ўпирилиб тушганди. Россия Тергов қўмитаси кўп қаватли уйда портлаш нима сабабдан юз берганини текширмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, уйда газ портлаган бўлиши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1