1

​Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбари ва шаҳар прокурори ўринбосари тадбиркорлар билан учрашди

ЖАМИЯТ 09.01.2019, 10:32
​Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбари ва шаҳар прокурори ўринбосари тадбиркорлар билан учрашди

Янги йилнинг дастлабки кунларида айрим маҳсулотлар 20 фоизли қўшимча қиймат билан сотилаётгани ҳақидаги гаплар турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўз навбатида айрим тушунмовчиликларни ҳам келтириб чиқарди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан шаҳар прокуратураси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси раҳбари Н.Турсунов, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатов пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида фаолият юритаётган «KRANTAS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли ишлаб чиқариш корхонаси келган ҳолда корхона раҳбари ҳамда ҳисобчиси билан ўзаро фикр алмашиб, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.

Юзма-юз мулоқот жараёнида қайд этилганидек, бугун мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилигида янги тизим яратилди. Яъни, солиқ хизмати органлари текширувчи эмас, хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланмоқда.

Ўрни келганда айтиш жоизки, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жорий йилдан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоизлик ягона ставкаси жорий этилди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадали бутунлай бекор қилинди. Натижада 2019 йилда шаҳримиз фуқаролари ихтиёрида 1342,5 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Ушбу пасайтиришлар ҳисобига жорий йилда пойтахтимизда фаолият юритаётган тадбиркорлар ихтиёрида 702,2 миллиард сўм қўшимча маблағ қолиши кутилаяпти.

Миробод туманида жойлашган «EASY TAXI SERVICE» масъулияти чекланган жамиятига қарашли умумий овқатланиш корхонасига бўлган ташриф ҳам мазмунан бой ва қизиқарли бўлди.

– Солиқ ва прокуратура органлари раҳбариларининг корхонамизга ташриф буюриши ҳайратимга сабабчи бўлди, - дейди корхона раҳбари Шуҳрат Вахобов. – Боиси, бу ташрифни кутмагандим. Учрашув давомида ўзимни қизиқтирган ва ўйлантираётган саволларимга тўлиқ жавоб олдим. Энди янги тизимда бемалол, қўрқмасдан ишласам ҳам бўлади ва келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратиш ниятидаман.

Учрашувларда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни солиқ тўловчиларга тушунтириш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир туман давлат солиқ инспекциясининг «Теlegram» канали ишга туширилгани маълум қилинди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари солиқ қонунчилиги бўйича қўшимча саволлар юзасидан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг 71-244-54-86 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги қайд этилди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1