Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида янги шартномалар имзоланмоқда

ЖАМИЯТ 31.10.2014, 08:57
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида янги шартномалар имзоланмоқда

“Ўзэкспомарказ”да VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ушбу тадбирнинг учинчи кунида “Ўзбекэнерго” ва “Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компаниялари, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзпахтасаноат” ва “Ўзагромашсервис” уюшмалари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбеккўмир”, “Технолог” ва “Агрегат заводи” акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари корхоналарининг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Тадбирларда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форум ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини кучайтириш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, корхоналар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энергетика тармоғини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, энергия тежаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси маҳсулотларини соҳанинг ўнлаб корхоналари стендлари билан тақдим этмоқда. Бу ерда замонавий электр техникаси жиҳозлари – изоляторлар, трансформаторлар, электрон ҳисоблагичлар, юқори чидамли материаллар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, энергия тежайдиган диодли лампалар ва қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган сув иситгичлар намойиш қилинмоқда. Компания вакиллари бу маҳсулотларга катта қизиқиш билдирилаётгани ва 400 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар тузилганини таъкидлади.
Нефь-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида биргина 2013 йилда 2,8 миллиард АҚШ долларидан зиёд ҳажмда сармоялар ўзлаштирилди. Бу прогноз кўрсаткичларидан 11 фоиз кўпдир. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси хорижий компаниялар билан биргаликда геология-қидирув, нефть ва газ конларини ўзлаштириш борасида йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда.
“Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда минерал ўғитлар, сунъий тола, полимер материаллар, энергетика, кимё, тоғ-кон саноати учун зарур бўлган кимёвий реагентлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, дефолиантлар, пахтачиликда ишлатиладиган плёнка сингари бир юз элликдан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
– Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси тармоқ корхоналари вакиллари ва бошқа соҳалар субъектлари билан мулоқотлар ўтказиш, шунингдек, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун яхши имкониятлар тақдим қилмоқда, – дейди “Ўзкимёсаноат” давлат-акциядорлик компаниясининг маркетинг ва ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи Б.Набиев. – Хусусан, бугун Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари компаниялари билан йигирмадан ортиқ шартнома имзоладик.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун уларга зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий кўмак бериш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самараларини бермоқда.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ўзаро фойдали музокаралар олиб борилиб, янги шартномалар имзоланмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1