1

Текширув давомида қатор боғчаларда яширин хоналарда беркитилган озиқ-овқатлар ва канализацияга 27 кг гўшт ташлаб юборилгани аниқланди

ЖАМИЯТ 10.01.2019, 23:10
Текширув давомида қатор боғчаларда яширин хоналарда беркитилган озиқ-овқатлар ва канализацияга 27 кг гўшт ташлаб юборилгани аниқланди

Мактабгача таълим вазирлиги вазирликда ташкил этилгани ички аудит хизматининг 2018 йил якуни бўйича текширувлари натижаларини эълон қилди.

Аудиторлар томонидан яширин хоналарда беркитиб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланган. Масалан, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-сонли МТМда озиқ-овқат маҳсулотлари торози остига ва яширин хонага, Сергели туманидаги 292-сонли МТМда чойшаблар орасига, Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 5-сонли МТМда электрошит хонасига, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги 8-сонли МТМда кир ювиш хонасига яшириб қўйилганлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-сонли MTMда яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт — 11,7 килограм, пишган гўшт — 10,9 килограм, товуқ гўшти — 4 килограм, шакар — 23,8 килограм, чой — 0,65 килограм, қанд — 1,45 килограм, сариёғ — 5,5 килограм, тухум — 100 дона, сут — 2,5 литр.

Жиззах шаҳридаги 39-сонли МТМ ходимлари аудиторлар келганида 27 кг. гўшт маҳсулотини канализация чуқурига ташлаб юборишган.

Шунингдек, МТМ ходимлари томонидан таомномаларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киртилиб, сохта таомномалар тузилганлиги аниқланган. Наманган вилояти Наманган туманидаги 11-сонли МТМда ошхонадаги таомнома, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобдан чиқариш учун бухгалтерияга топширилган таомнома билан солиштирилганда бир-бирига тўғри келмаслиги аниқланди, натижада 14,7 млн.сўмлик маҳсулотлар ортиқча ҳисобдан чиқарилган.

Ноқонуний харакатлардан яна бири, ота-оналарнинг болалар таъминоти учун тўловларини ҳисоблашда имтиёзларни нотўғри қўллашдир. Наманган вилояти Норин туманидаги 6-сонли ихтисослаштирилган МТМда 2016-2018 йилларда 54,9 млн.сўм тўлов пуллари асоссиз ҳисобланмаган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1