Ҳиндистоннинг Гужарат штатида 18-20 январь кунлари "Жўшқин Гужарат" IX халқаро инвестиция саммити бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда ЎзА.
"Жўшқин Гужарат" саммитини ташкил этиш ташаббуси 2003 йили Гужарат штатининг ўша кезлардаги раҳбари – ҳозирда эса Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди томонидан таклиф этилган. Бундан кўзланган мақсад Гужаратга хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш орқали штатни энг фаол инвестиция марказига айлантиришдан иборат эди.
Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги глобал ғояларни ривожлантиришнинг ўзига хос платформасига айланган саммит халқаро миқёсда инвесторлар учун самарали ҳамкорлик учун мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Саммит ҳар икки йилда бир ўтказилади. "Жўшқин Гужарат" VIII халқаро саммити 2017 йил январь ойида ташкил этилган, унда 100 га яқин давлатдан 25 мингдан ортиқ вакил иштирок этган. Олий мартабали меҳмонлар орасида 4 давлат раҳбари, Нобель мукофоти совриндорлари, шунингдек, саноатнинг турли тармоқларидаги етакчи компаниялар, олимлар бор эди.
Бу йилги саммитда беш мамлакат раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Африканинг Руанда Республикаси Президенти Поль Кагаме, Дания Қироллиги Бош вазири Ларс Расмуссен, Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш ҳамда Мальта Республикаси Бош вазири Жозеф Мускат, қолаверса, кўплаб давлатлардан 20 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди саммит доирасида иштирокчи давлатлар раҳбарлари ва ҳукумат вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Саммитда Франция, Австралия, Канада, Япония каби 15 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам ҳамкор сифатида иштирок этади.
"Жўшқин Гужарат" IX халқаро инвестиция саммитининг тантанали очилиш маросими 18 январь куни Гужарат штати маркази Гандинагар шаҳрининг "Маҳатма Мандир" анжуманлар саройида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Жўшқин Гужарат – 2019" IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун Ҳиндистонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.






