АсосийJamiyat

Cпортчи Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланди

'Cпортчи Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни бошланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг хабарига кўра, 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Хамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланган.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Иш бўйича раислик қилувчи С. Каримов суд мажлисини очган ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Шодали Қиличов (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган);

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Саидазим Камолдинов (1994 йилда Фарғона вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган);

Алижон Хамраев (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланган);

Жаҳонгир Ёрқуловга (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган) нисбатан жиноий иш кўрилаётганлигини эълон қилган.

Суд томонидан суд жараёни иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилган, суд таркиби, томонлар эълон қилиниб, рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилган, судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланган, иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилган.

Суд мажлисининг тайёргарлик қисми илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлаш билан якунланиб, раис томонидан суд тергови бошланганлиги эълон қилинган.

Давлат айбловчиси айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, жабрланувчи, гувоҳлар ва экспертларнинг кўрсатмалари тингланади, шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилаган.

Судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд жараёни давом этмоқда.

Суднинг кейинги мажлиси 23 январь соат 11.00 да бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Aurum 898" тунги клубида 2018 йил 8 август куни тунги вақтда клубга келган мижоз ва клуб қўриқчилари ўртасида муштлашув рўй берган эди. Муштлашув оқибатида спортчи, яъни эркин курашчи Жамшид Кенжаев вафот этган эди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тунги клубнинг тўрт нафар қўриқчиси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.

Cуратларни Ислом Рўзиев олган

    Бошқа янгиликлар