АсосийJamiyat

"Адолат – қонун устуворлигида" танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

'"Адолат – қонун устуворлигида" танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди'ning rasmi

Бугун, 25 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида "Адолат – қонун устуворлигида" танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сенаторлар, судьялар ва суд ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

- Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларнинг ўзаро амалий ҳамкорлиги муҳим аҳамияга эга, - деди Олий суд раиси К. Комилов танлов ғолиб ва совриндорларини қутлар экан. - Негаки, ҳар қандай жамият аввало фикрлар хилма-хиллиги, плюрализмга асосан тараққий этади, ривожланади. Бугун муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан жамиятимиз ана шундай фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланишига кенг йўл очиб берилмоқда.

Маълумки, Олий суд томонидан "Адолат – қонун устуворлигида" танлови суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Табирда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор А. Саидов газета-журнал, интернет сайтларида чоп этилаётган материаллар холис, ҳар қандай шубҳа-гумондан холи, беғараз ва қонуний асосларда ёзилган бўлиши кераклигига, чунки журналистлар томонидан илгари сурилган нохолис фикр кенг жамоатчилик ўртасида нотўғри тасаввурни шаклланишига, охир-оқибат эса, одил судлов сифатига таъсир кўрсатиши мумкинлигига эътибор қаратди. Бинобарин, суд ҳокимиятининг ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам жамиятда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

"Адолат – қонун устуворлигида" танловининг бу йилги ғолибларини аниқлаш учун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси С. Ҳакимов раҳбарлигидаги комиссия фаол иш олиб борди. С. Ҳакимовнинг таъкидлашича, бу йилги танлов ўтган йилгига нисбатан номинациялар бўйича ҳам, оммавий ахборот воситаларини янада кенгроқ жалб этиш бўйича ҳам қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Келгусида танловнинг нуфузи ва кўламини янада ошириш мақсадида қатор режалар ишлаб чиқилган.

Шунингдек, тадбирда "Даракчи" газетасининг ходими Садоқат Аллаберганова ҳам 2-даражали диплом ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.

"Адолат – қонун устуворлигида" танловини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг "Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси томонидан яқиндан ёрдам кўрсатилди.

    Бошқа янгиликлар