АсосийJamiyat

Чилонзордаги балконлар нима учун қулаб тушди? Ёхуд ноқонуний қурилишларнинг оқибатлари

'Чилонзордаги балконлар нима учун қулаб тушди? Ёхуд ноқонуний қурилишларнинг оқибатлари'ning rasmi

Яқинда, 17 январь куни пойтахтимизнинг Учтепа тумани 23-даҳа 20-уйдаги 17-, 19-, 21-, 23- ва 25-хонадон балконлари қулаб тушгани ҳақида хабар берилган эди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълумотига кўра, бунга асосий сабаб юқори қаватлардаги хонадон эгалари балконда рухсатсиз, ноқонуний таъмирлаш ишларини ўтказганидир, деб ёзмоқда ЎзА. Яъни 4-қаватдаги 23-хонадон балконидан 5-қаватдаги балкон оғирлигини кўтариб турувчи таянч девори олиб ташлангани сабаб 25-хонадон балкони қулаб тушган ва ўзи билан пастки қаватлардаги балконларни ҳам қулатган. Хайриятки, бундан ҳеч ким жабр кўрмади. Аммо оқибат фожиали бўлиши ҳам мумкин эди.

2018 йилда инспекцияга юридик ва жисмоний шахслардан 1 минг 750 га яқин мурожаат келиб тушган. Улар асосан кўп хонадонли уй-жой ва унга туташ ҳудудларни сақлаш қоидалари бузилгани, кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартиргани, нотурар жойларнинг техник ҳолати ёмонлашгани каби ҳолатлар юзасидан бўлган. Инспекция ходимлари мазкур мурожаатларни тегишли мутасадди идоралар вакиллари иштирокида ўрганди ва муаммолар бартараф этилди.

Бугунги кунда мазкур ташкилотнинг “Ишонч телефони” мунтазам фаолият юритаётган бўлиб, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлар сифати тубдан яхшиланмоқда.

Мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, фаровонлигини ошириш, уларни замонавий уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар кўлами кенгаймоқда. Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди.

Жумладан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини капитал ва жорий таъмирлаш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида уларнинг томи, ертўласи, подъезд, лифт ва йўлакларини бетонлаштириш, уй-жойлар атрофини ободонлаштириш масалаларини ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ҳали ҳам айрим фуқаролар турар жойлардан белгиланган тартибда бирдек фойдаланмасдан, ички тузилишини тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз ўзгартириб, туташ ҳудудларда ноқонуний қурилмалар қурмоқда. Бу эса кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатига жиддий зарар етказади. Шу боис, баъзи фуқароларнинг ўзбошимчалиги оқибатида яқинлари ҳаёти хавф остида қолаётганига жиддий қараш зарур.

Бугунги кунда республикамиздаги турар жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилмоқда. Инспекция ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида кўп хонадонли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг мавжуд қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар бериб келмоқда. Табиийки, бу каби кўрсатмалар ҳаммага бирдек маъқул бўлмайди. Бироқ кўп хонадонли уйларни сақлаш ва фойдаланишда йўл қўйилган қоида бузилишлар бартараф этилиши хусусий уй-жой мулкдорларининг тинч, хавфсиз яшаши гаровидир.

Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган инспекция ўзига берилган ваколатлар доирасида кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ваколатли орган сифатида тўлиқ шакллантирилиб, республиканинг барча ҳудудларида ўз фаолиятини юритиб келмоқда.

– Бугунги кунда инспекциямиз томонидан шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларига зид бўлган бинолар рўйхатга олинмоқда, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Абдуназар Эрдонов. – Жойларда ўзбошимчалик билан турар жойларнинг конструкцияларига ўзгартириш киритиш табиий офатларга бардош бера олмайдиган аҳволга олиб келмоқда. Шу сабаб бундай ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. 2018 йилда уй-жой фондидаги 9 минг 758 кўчмас мулк эгаси ўзбошимчалик билан барпо этган бинолар мавжудлиги аниқланди. Бу борада аҳолига мажбурий кўрсатмалар берилиб, ноқонуний бинолар буздирилди. Айрим ҳолатлар бўйича мажбурий тартибда буздиришга оид даъво аризалар судларга тақдим этилди. Шунингдек, 51 ҳолатда аниқланган ҳуқуқбузарлик юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.

    Бошқа янгиликлар