Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Камалак” болалар ташкилоти навбатдаги “Аъло таътил” лойиҳасига старт берди.
Чоракни аъло баҳоларга тугатган 10-16 ёшдаги ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида шу йилнинг 22-29 март кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да “Аъло таътил” лойиҳаси бўлиб ўтади.
Таътил давомида маҳоратли касб эгалари билан учрашувлар, саёҳатлар, “Чодирда бир кун” саргузашт ўйинлари, спорт мусобақалари, интеллектуал танловлар, ижодий дастурлар ташкил этилади. Лойиҳада республиканинг барча ҳудудидан ёшлар иштирок этади.
“Аъло таътил” лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирган ёшлар +99899 842 10 47 телеграм рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин. Номзодлар танлов асосида саралаб олинади.
Эслатиб ўтамиз, “Аъло таътил” лойиҳаси илк маротаба жорий йилнинг 3-10 январь кунлари Сурхондарё вилоятининг “Халқаро ёшлар оромгоҳи”да ташкил этилган эди.










