Бўй қизлар янада гўзал бўлиш учун пардоз қилса, 35-40 ёшдаги аёлларнинг упа-элик суртишдан мақсади ёшроқ кўринишдир. Лекин бунда натижа аксинча бўлмаслиги учун пардоз қоидаларига амал қилиш лозимлигини унутмаслик керак.
1. Кремни тўғри танланг!
35 ёшдан ошгач, ҳуснбузарларни беркитмайсиз, аммо ажинларни кўздан паналатиш керак бўлади. Шунинг учун қуюқроқ ВВ ва СС-кремларга эътибор беринг. Улар ажинларни беркитиш билан бирга, терини намлантириб, озиқлантиради.
2. Упадан воз кечинг!
Ёш ўтгач, тери ёғланиши камаяди. Агар терингиз ёғли бўлмаса, упадан воз кечганингиз маъқул.
3. Қанча кам бўлса, шунча яхши
Юзингизда косметик воситалар қанча кам бўлса, шунча ёшроқ кўринасиз. Масалан, лаб бўёғидан фойдалансангиз, кўзларни камроқ бўянг. Ёки аксинча.
4. Қошлар
Қошлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Аммо бу «татуаж» ёки «растушовка» қилинг, дегани эмас. Шунчаки асл қош рангига мос қалам билан озроқ ранг бериш лозим.
5. Помада рангида адашманг
Лабларни тўқ қизил, сиёҳранг, жигарранг ва бошқа бўғиқ ёки ёрқин ранг билан бўяманг. Помада лабларнинг табиий рангидан 1-2 тусга тўқроқ бўлгани маъқул.
Унутманг, юзингиздаги қалин пардоз эмас, ундан фойдаланиш маҳоратингиз сизни ёшартиради.