АсосийDunyo

Назарбоев Конституцион Кенгашга мурожаати юзасидан шовқин солмасликка чақирди

'Назарбоев Конституцион Кенгашга мурожаати юзасидан шовқин солмасликка чақирди'ning rasmi

Қозоғистон Президенти 4 февраль куни Конституцион Кенгашга мурожаат қилиб, Конституциядаги Президент ваколатларини тўхтатишга оид пункт юзасидан расман изоҳ берилишини сўради. Бу ҳақда Кенгаш сайтида хабар берилган.

“Республика Президентининг ваколатлари республиканинг янги сайланган президенти лавозимига киришганидан сўнг, шунингдек, муддатдан аввал озод қилинганида ёки вафот этганида тўхтатилади. Республиканинг барча собиқ президентлари, мансабидан четлаштирилганларидан ташқари, Қозоғистон Республикаси экс-президенти унвонига эга бўлади”, дейилади мазкур пунктда.

Нормага изоҳ сўраб қилинган мурожаат акс этган видео 5 февраль куни Қозоғистон Президенти матбуот хизматининг Facebookʼдаги саҳифасида пайдо бўлди. Видеода Назарбоев Конституция ва Конституцион Кенгаш тўғрисида қонун қабул қилинганидан бери менинг 22 та Президент мурожаатим берилган, деди.

“Масалан менга, қайси шароитларда президент ўз хоҳиши билан бу лавозимни тарк этиши, яъни истеъфога чиқиши мумкинлиги юзасидан савол беришади. Бу Конституцияда йўқ. Жаҳонинг барча конституцияларида бу нарса мавжуд. Шу каби саволларни менга беришгани боис, мен Конституцион Кенгашдан шунга изоҳ беришни сўрадим”, дейди Назарбоев.

Унинг сўзларига қараганда, кенгашга қилган навбатдаги мурожаатида ҳеч нарса йўқ, шу сабабли шовқин кўтариш керак эмас.

“Тўғри, барчани энг қизиқ масалалар, яъни навбатдан ташқари сайловлар, ҳокимият транзити ва бошқа масалалар қизиқтиради. Конституцияни ўқинг, президент тўғрисидаги қонунларни ўқинг. У ерда аниқ-равшан ёзиб қўйилган: қачон сайловлар бўлиши, қачон ваколат муддати тугаши ёзилган”, дея баёнот берди Назарбоев. “Тўғри, Конституцияга кўра президент муддатдан аввал сайловларни эълон қилиш ҳуқуқига эга, аммо бу ҳолат бизга хавф солмаяпти”, деди Президент. Ўз чиқишини Назарбоев “Шу сабабли, келинг хотиржам бўлайлик, хотиржам ишлашда давом этайлик”, деган ибора билан якунлади.

Нурсултон Назарбоев салкам 30 йилдан бери Қозоғистоннинг биринчи раҳбари бўлиб келмоқда. У 2015 йил апрелда бўлиб ўтган сайловларда расмий маълумотларга қараганда, 97 фоиздан кўпроқ овоз олган ва беш йиллик муддатга қайта сайланди.

2018 йилнинг декабрь ойи сўнггида Назарбоев қозоғистонлик журналистларга берган интервьюсида мамлакатда муддатдан аввал сайловларга тайёргарлик олиб борилмаётганини айтган эди.

Бундан аввалроқ у сайловлар бўлиб ўтадиган 2020 йилгача анча вақт борлигини ва ўзи сайловларда иштирок этиш ёки этмаслик борасидаги режасини кейинроқ маълум қилишини таъкидлаган эди. Конституцияга кўра, навбатдаги президентлик сайловлари декабрь ойининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Конституцион Кенгаш мурожаат келиб тушганидан кейин бир ойлик муддатга ўз қарорини эълон қилади. Агар масалани кейинга қолдирмаслик зарурати пайдо бўлгудек бўлса, Президент талаби билан бу муддат ўн кунгача қисқартирилиши мумкин.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

    Бошқа янгиликлар