АсосийJamiyat

Ўзбекистонлик талабалар Беларусда "Хотира юриши"да иштирок этди

'Ўзбекистонлик талабалар Беларусда "Хотира юриши"да иштирок этди'ning rasmi

Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети ҳамда М.Танк номидаги Беларусь Давлат педагогика университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мавофиқ, жорий йилнинг 28 январидан 1 февралига қадар ТДПУ талабалари Беларусда анъанавий 54-“Хотира юриши”да иштирок этиб қайтди.

Беларуснинг фашистлар қўлидан озод этилишига 75 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирга МДҲ мамлакатларининг олий таълим муассасаларидан Баку славян университети (Озарбайжон), Л.Н.Гумилев номидаги Овроосиё миллий университети (Қозоғистон), Москва давлат педагогика университети (Россия) делегациялари ҳам ташриф буюрган.

6229_18560.jpg

Беларусда ҳар йили анъанавий ташкил этиладиган мазкур “Хотира юриши”да кўнгилли ёшлар жамоалари мамлакатнинг 2-жаҳон уруши содир бўлган вилоятлари, туманларига ташриф буюриб, мактаб ўқувчилари, педагоглар ва 2-жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашадилар.

Хотира юришининг иккинчи кунида Ўзбекистондан ташриф буюрган Тошкент Давлат педагогика университетининг “Авангард” жамоаси Витебск вилоятининг Докшицкий туманида жойлашган “Шунёвка” хотира мажмуасида ўз чиқишларини намойиш этишди. “Авангард” жамоаси шунингдек, Богомльскдаги ўрта мактабда бўлиб, “Ўқувчиларнинг эртаклар мамлакатидаги саёҳатлари” мавзусида мастер-класс ўтказишди, шунингдек, 2-жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашишди.

319747_photo_2019-02-05_16-27-01.jpg

– Мен биринчи марта бундай Хотира юришида иштирок этдим, – дейди “Авангард” жамоаси аъзоси Алишер Абдуллаев. – Менга Беларусга бориб, мамлакатимиз номидан чиқиш қилишимни айтишганида, очиғи, жудаям хурсанд бўлдим. Бундай имконият ҳаммага ҳам берилавермайди, шу сабаб мен ва бутун жамоамизга Ўзбекистон номидан "Хотира юриши"нинг илк иштирокчилари сифатида чиқиш қилиш катта масъулият юклади.

Бу каби байналминал тадбирлар бир осмон, бир тақдир остида бирлашган мамлакатларнинг қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар