АсосийDunyo

Саид Қиёмиддин Ғозининг қамоқ муддати 18 йилга камайтирилди

'Саид Қиёмиддин Ғозининг қамоқ муддати 18 йилга камайтирилди'ning rasmi

Ўтган асрнинг 90-йилларида Тожикистонда машҳур бўлган руҳоний Саид Қиёмиддин Ғозининг қамоқ муддати 18 йилга камайтирилди.

Ўтган йилнинг май ойида у миллий, ирқий, этник ва диний нафрат уйғотишда, Ватанга хиёнат қилиш ва конституциявий тузумни куч билан ағдариб ташлашга ошкора чақириқ билан чиққанликда айбдор, деб топилиб, 25 йил озодликдан маҳрум қилинган эди.

Саид Қиёмиддин Ғозининг қамоқ муддати қисқартирилиши борасидаги қарор ўтган ойда маҳкумнинг адвокатлари томонидан берилган илтимосномани кўриб чиққан Тожикистон Олий судининг жиноий ишлар бўйича Суд Ҳайъати томонидан қабул қилинди. “Суд Ҳайъати маҳбуснинг чин дилдан пушаймон эканлигини ва оғир жиноятларни фош қилишда кўрсатган ёрдамини инобатга олди“, дея хабар берди 8 февраль куни Олий суд.

Эшон Сайид Қиёмиддин Ғози (Ғозиев) 1992 йилда Душанбедаги “Шохидон” майдонидаги нотиқлардан бири эди. Уни норасмий равишда “генерали мардуми” (“халқ генерали”) деб аташарди. Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиши билан (1992-1997) Ғози Афғонистонга ўтди ва у ерда Бирлашган Тожик мухолифати (БТМ) билан ҳамкорлик қилди.

1997 йилда тинчлик ва миллий яраш тўғрисида Умумий келишув имзоланганидан кейин таниқли руҳоний ватанига қайтиб келди ва БТМ номидан Миллий Яраш Комиссиясининг аъзоси бўлди. Тинчлик тўғрисидаги Умумий келишувни ҳаётга татбиқ этгани учун “Шараф” ордени билан мукофотланди.

2018 йилнинг май ойида Тожикистон Олий суди Саид Қиёмиддин Ғозини 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. У миллий, ирқий, этник ва диний нафрат уйғотишда, ватанга хиёнат қилиш ва конституциявий тузумни куч билан ағдариб ташлашга ошкора чақириқ билан чиққанликда айбдор деб топилди. 2017 йил ноябрида собиқ руҳоний Россия ва Тожикистон махсус хизматлари томонидан Санкт-Петербургда ўғирланиб Хўжандга олиб келинди. “Халқ генерали” устидан суд жараёни ёпиқ режимда бўлиб ўтди.

    Бошқа янгиликлар