АсосийShou-biznes

Абдулла Қаҳҳорнинг икки оиласи

Шоир ва ёзувчиларнинг шахсий ҳаётини улар ижодидан ажратиб, алоҳида тасаввур этиш мумкин эмас. Шахсий ҳаётнинг ёзувчи, шоир ижодида қанчалик муҳим ўрин тутишини машҳур адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов ўринли тарзда шундай таърифлаган эди:
“Ёзувчи ҳар куни мунтазам равишда иш столига ўтириб, қоғоз қоралаши керак. Бунинг учун биринчи навбатда хаёли жойида бўлиши, турмушнинг бирор икир-чикир ташвишини ўйламаслиги керак. Фақат хотиржам бўлгандагина бирон маънили нарса чиқади”.

Шу жиҳатдан қараганда, ижодкорларнинг рафиқалари уларнинг асарлари юзага келишида, машаққат тўла ҳаётида қанчалик ижобий роль ўйнаганини Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, шу жумладан, Чўлпон, Боту таржимаи ҳоли билан танишганда, тўлиқ амин бўламиз. Жаҳонга донғи кетган адиб Лев Толстой ҳам бир умр хотинидан ҳаддан зиёд азият чеккани ҳам маълум.

Севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳор оиласидан ялчиган, бу жиҳатдан унинг олдига тушадиган ёзувчи жуда кам бўлган. Шунинг учун адиб шахсий ҳаётига бир назар ташлаш фойдадан холи эмас, албатта.

Абдулла Қаҳҳорнинг биринчи оилавий турмуши 22 ёшида, яъни 1929 йилда рўй берган эди. Маълумки, бу даврда у турмушнинг мураккаб икир-чикирларидан тўла бохабар бўлмай, қолаверса, оила қуришга тайёр эмас эди. Биринчи хотинининг исми Зайнабхон Мирсаловна Нажабова бўлиб, у онаси билан бирга яшар, уйлари Абдулла Қаҳҳор яшаётган манзилга яқин, бўлажак адибнинг икки хонали уйи Мейфондга қарашли бўлиб, Ўқчи кўчасида жойлашганди. Зайнабхонимнинг онаси куюнчак аёл бўлган, у адибнинг кир-чирини ювиб берган уйларини йиғиштиришга ёрдам берган.
Аммо, бўлажак адиб Зайнабхоним билан қандай танишган, уларнинг турмуши қай тарзда кечган, нега уларнинг оилавий ҳаёти тезда завол топган, бу ҳақда адибнинг ўзи ҳам, у ҳақда хотира битганлар ҳам бирор оғиз гап айтишмайди. Оилавий ҳаёт ҳақида ота-боболар, қолаверса, қадимий анъанага қатъий амал қилган Абдулла Қаҳҳор ўз таржима ҳолида ҳам, бошқа ёзув-чизувларида ҳам бу тўғрида бирор ўринда, ҳатто ишора қилмаган, улар орасида икки фарзанд дунёга келганини кейинчалик адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов ошкор қилган. холос.
Шуларга тахмин қилиб, айтиш мумкинки, улар ўртасидаги оила — турмуш ширин кечмаган бўлса керак. Назаримизда, адиб ўтмишда қолиб кетган дилгир кечмишини эсга олгиси келмаган кўринади. Шунинг учун суҳбатларда ҳам бир оғиз гап йўқ.

Абдулла Қаҳҳор билан Зайнабхон ўртасидаги турмуш 12 йил давом этди. Улардан икки ўғил дунёга келди. Бирининг исми Пўлат бўлиб, 1932 йилда туғилганди. Иккинчиси эса Суяр — 1937 йилда дунёга келди. Кейинчалик Пўлат улғайиб, ўқиди, техника фанлари номзоди бўлди ва Тошкент политехника институти талабаларига дарс берди. Суяр эса республика олий милиция мактабини тугатиб, Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасида хизмат қилди. Аммо уларнинг умри қисқа экан. Адиб вафотидан сўнг тўнғич ўғли Пўлат юрак хасталиги туфайли 1969 йили ҳаётдан кўз юмди. Орадан бир йил ўтгач, Суяр бахтсиз тасодиф туфайли оламдан ўтди.

Абдулла Қаҳҳор билан Зайнабхон ўртасидаги муроса бир-бирига тўғри келмай қолган бўлса керак, уларнинг никоҳи 1941 йилнинг апрелида ажралиш билан ниҳоясига етди, деб ёзганди Озод Шарафиддинов. Шу тариқа адибнинг бўйдоқлик ҳаёти бошланди. Бу ҳаёт қанчалик оғир, ташвишу бахтсизликка тўла эканини бошидан ўтказган кишилар биладилар. Боз устига Абдулла Қаҳҳордек таъби нозик, ижодга нисбатан ўта талабчан киши учун ёлғиз яшаш кони зарар эди. Қолаверса, адиб рўзғор юритишга ҳамиша диққат қилавермайдиган, «бу ишга вақт сарфламаса ҳам бўлаверади», деб ҳисоблаган. Гарчи отаси уста Абдуқаҳҳор каби темир-терсак ишларига ўта чапдаст бўлса-да, бўйдоқлик даврида на кийим-боши, на еб-ичишга дуруст қараган.
Адибнинг ҳайҳотдай баланд икки хонали уйида бир темир каравоту, китоб жавони бўлган, холос. Адиб темир каравотда ухлаб, электр плитада бирор егуликни хом-хатала пишириб еган-у, ёзув столига ўтириб, фақат ишлаш билан банд бўлган. Абдулла Қаҳҳор уруш йилларида эл қатори бир азоб тортган бўлса, ёлғиз яшаш туфайли янада кўпроқ қийналган. “Шу бўйдоқлик туфайли қанча ҳикоя ва қиссалар ёзилмай қолиб кетган экан?” деб афсус-надомат билдиради адиб ҳақида китоб яратган Озод Шарафиддинов.

Шу орада уч йил ўтиб кетди. 1944 йилнинг июл ойида Ҳамза номли театрда Уйғуннинг “Қалтис ҳазил” номли спектаклини томоша қилишга борган Кибриёхонимни шоир Ўткир Рашид Абдулла Қаҳҳорга таништиради. Адиб ўшанда бу жувоннинг жуда саводли, мумтоз адабиётни чуқур билиши, унча-мунча одам яхши тушунмайдиган ғазалларни бемалол таҳлил қила олишини кўриб ҳайратга тушган. Шу тариқа улар 9 ой учрашиб юриб, бир-бирининг мижоз ва феъл-атворидан хабардор бўлган. Биринчи оила қурганидан анча кўнгил олдириб қўйган адиб бу жувонни узоқ синаб, унда ўзи ахтарган барча ижобий сифатларни топган. Шу тариқа улар 1945 йил 12 апрелда никоҳдан ўтишади.

Кибриёхоним асли самарқандлик бўлиб, фамилияси Лутфуллаева эди. У 1914 йили Лутфулла махдум Файзуллаев хонадонида таваллуд топган. Кибриёхоним туғилганида, отаси 56 ёшда экан. Шунинг учун бўлса керак, махдум барча фарзандларидан кўра унга алоҳида меҳр қўяди, даставвал ўзи ўқитиб, бор билимини унга сингдиришга ҳаракат қилади. Ўн ёшга кирган Кибриёхоним Саъдий, Ҳофиз, Бедил, Жомий асарларини бемалол ўқий олган. Кейинчалик араб, форс тилларини мукаммал ўрганган. Кибриёхоним билан адиб ўртасидаги турмуш ўзаро ҳурмат ва чуқур эҳтиромдан иборат бўлган, бу ҳозирги ёшларга ҳам сабоқ бўлиши табиийдир. Кибриёхоним адиб ҳақида “Чорак аср ҳамнафас” номли хотира китобида ёзган. Унда айтилишича, рўзғорни асосан Кибриё опа юритган, адибга ижод қилиши учун барча шарт-шароитни яратган.

Кўпчилик опанинг ажойиб пазандалигини тилга олади. Аммо мижози жуда нозик адиб учун яна бошқа сифатлар ҳам зарур эди. Абдулла Қаҳҳор бу аёлни фақат уй бекаси эмас, балки ўзига яқин дўст, ҳамроз, ҳамдард инсон деб биларди. Адиб шеъриятни жуда севган. Бу жиҳатдан Кибриёхоним Абдулла Қаҳҳорнинг жонига оро кирган, улар тез-тез шеърхонлик қилишган. Шунингдек, Кибриёхоним адибга машинистка, ҳайдовчи, енгил таҳрир ишларида ёрдамчи бўлган. Улар биргаликда Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” экопеясининг иккинчи ва учинчи китобларини ўзбек тилига ўгиришган. Асарнинг тўртинчи китобини адиб вафотидан кейин Кибриё Қаҳҳорованинг ёлғиз ўзи таржима қилди. Кибриёхоним Абдулла Қаҳҳорнинг барча асарларини тожик тилига ўгирган эди.

Адиб вафотидан кейин Кибриё опа А.Қаҳҳор уй-музейини очиш ишлари билан банд бўлди. У умрининг охиригача ана шу уй музей директори вазифасини адо этди.
Тошкентда Форобий хилхонасида буюк адиб Абдулла Қаҳҳор қабри жойлашган. Адибнинг ёнида унга бир умр садоқат билан хизмат қилган Кибриёхоним дафн этилган.

Фатҳулла Намозов

    Бошқа янгиликлар