Бугун Германиянинг Маннҳайм шаҳрида Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати намойишига бағишланган кўргазма ўз ишини бошлади, деб хабар берди ЎзА.
Германиядаги "OPASCA GOS" компанияси ва унинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган тадбир икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Айниқса, бундай муносабатларда тасвирий ва амалий санъат намоёндаларининг ижодий фаолияти алоҳида ўрин эгаллайди.


Кўргазма экзпозициясидан таниқли рассомлар Мария Коровина, Муҳаммад Фозил ва Мурод Фозилнинг ижод намуналари жой олган.
– Мақсадимиз нафақат Ўзбекистон тасвирий санъати, балки амалий санъат, ҳунармандчилик ва дизайн йўналишларида яратувчанликни тарғиб қилиш, немис халқини бу заминнинг ўзига хос миллий удумлари сингдирилган асарлардан баҳраманд этишдир, – деди мазкур лойиҳа ташкилотчиси Лев Свердлов. – Кўргазмада қирқдан ортиқ тасвирий санъат асарлари тақдим этилмоқда. Ўйлайманки, бундай ижодий ҳамкорлик янги асарлар яратилишига туртки бўлади.








