Шимолий Корея ўрта масофали баллистик ракеталар сақланадиган махфий базага эга, дейилади Америка стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (АСХТМ) ҳисоботида.
Қайд этилишича, махфий база Шимолий Кореянинг демилитаризация ҳудудидан 250 километр узоқликда жойлашган. АСХТМ маълумотларига кўра, мазкур база КХДРнинг баллистик ракеталар сақланадиган 20 та махфий базаларидан биридир.
ТАССнинг ёзишича, АСХТМ ҳисоботи АҚШ ва КХДР раҳбарлари ўртасидаги иккинчи саммитга тайёргарлик фонида эълон қилинган.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп кутилаётган иккинчи саммит муваффақиятли кечишига умид билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат ўртасидаги илк саммит 2018 йил 12 июнь куни Сингапурда бўлиб этган эди. Саммит якунида томонлар қўшма баёнот қабул қилди. Баёнотда Пхеньян бутунлай денуклеаризацияга принципиал тайёрлиги, АШҚ Шимолий Кореяга хавфсизликни таъминлашга кафолат бериши айтилган. Ўтган ҳафтада эса Дональд Трамп 27-28 февраль кунлари Вьетнам пойтахтида КХДР етакчиси билан учрашишини маълум қилди.






