Кадр орти ҳақиқатлари
АЛИШЕР УЗОҚОВНИ ЧУВ ТУШИРГАН ҲАМКОР – СУД КУРСИСИДА!
Ёхуд кинонинг даромади қаёққа кетди?
Актёр ва хонанда Алишер Узоқов режиссёрлик йўналишида таҳсил олгани боис, ўзини кадр ортида ҳам синаб кўрганидан хабарингиз бор. Узоқовнинг илк режиссёрлик иши “Менинг акам бўйдоқ” фильми киноихлосмандлар томонидан жуда илиқ қарши олинганди.
Бундан руҳланган Алишер Узоқов биринчи фильмининг мантиқий давоми бўлган “Энди дадам бўйдоқ” фильмига ҳам қўл урганди. Галдаги кинокартинаси ҳам биринчисининг муваффақиятини такрорлагани ёдингизда бўлса керак. Бироқ Алишер Узоқовга бу эътироф, эътибор татимади...
Чунки мисқоллаб йиғган пулига фильм олган ижодкорни яна янги ижод маҳсулини суратга олиш учун руҳлантириб камера қаршисига етаклаш ўрнига, судгача олиб боришди. Кадр орти жараёнлари экрандагисидан бутунлай фарқ қилиши сабабли мухлислар учун қизиқарли туюлиши ҳам шундандир.
Англаганингиздек, мухлислар учун сир бўлиб қолган мазкур кино ортидаги машмашаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Зеро, қолган ижодкор-у ҳамкорлар бу ишдан ўзларига етарлича хулоса чиқаришсин!
— Хуршид ака, мени қўллаб юборинг, — деди Алишер кўп йиллардан буён қадрдон бўлиб қолган танишига. — Суратга олган фильмимни фирмангиз номидан намойишга қўйиб беринг. Улушингизни албатта бераман, қуруқ қўймайман.
— Сен айтасан-у мен йўқ дейманми, ука. Орамиздаги оқибат узилмасин. Олиб келавер, — деди Хуршид ака. Аммо берган ваъдасига амал қилмасдан Алишерни зир югуртирди...
Ишончга панд берган келишув
Ўзини режиссёрликда ҳам синаб кўришга қарор қилган Алишер Узоқов комедия йўналишидаги “Энди дадам бўйдоқ” фильмини суратга олишга киришади. Бироқ лицензияси бўлмагани сабаб, бироз боши қотади. Сўнгра неча йиллардан буён акасидек бўлиб қолган қадрдони — “CATALEA GROUP” МЧЖ бош диретори лавозимида ишлаган Хуршид Халмухамедовнинг ёнига бориб ундан ёрдам сўрайди:
— Ўзингиздан қолар гап йўқ. Укангизни қўллаб-қувватламасангиз иш чатоқ, — дейди ҳазил аралаш Алишер. — Мана шу фильмни суратга олиб, намойиш этиб олай тушган пулларни тенг бўлишамиз, ака.
— Сен менга пул таклиф қиласан-у, мен йўқ дейманми? Майли рухсат, олавер киноингни.
Шундай қилиб, Алишер Узоқов йиллар давомида топган пулларидан 50-55 миллион сўм сарфлаб “Энди дадам бўйдоқ” фильмини тасвирга олади.
Нафс қадрдонлик чегарасини босиб ўтди...
Фильм 2012 йилнинг октябр ойидан 2013 йилнинг феврал ойига қадар “Алишер Навоий” номли кинотеатрда намойиш қилинган. Кино томошабинлар томонидан жуда яхши кутиб олинди.
Кинотеатр билан “CATALEA GROUP” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага кўра, фильм намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи кинотеатр ҳисоб рақамига, қолгани “CATALEA GROUP” МЧЖ ҳисоб рақамига тушган. Шу 50 фоизни Хуршид Халмухамедов ва Алишер Узоқов тенг бўлишиб олишга келишганди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фильм учун “CATALEA GROUP” МЧЖ 1 сўм ҳам сарфламаган.
“Менинг нафсим балодур, ёнар ўтга соладур”, деганларидек ташкилотнинг ҳисоб рақамига пул келиб тушганидан сўнг Хуршид Халмухамедов баднафслик қилиб, Алишер Узоқов билан оғзаки келишувини бузади.
Уни алдаб, фильм намойишидан тушган даромаднинг 44 000 000 сўм пулни ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборди. Алишерга актёрлик ва режиссёрлик қилгани учун бор-йўғи 20 миллион сўм гонорар берган, холос.
Тоқати-тоқ бўлган Алишер уни банкка олиб боради. Унинг ҳисоб рақамига 94.394.330 сўм пул маблағи кино саройдан тушганлигини кўрсатади.
— Ака, майли инсоф билан 12.500.000 сўмини олиб қолинг. Қолган пулларни беринг, фильмдаги бошқа ижодкорларнинг ҳам гонорарини беролмаяпман.
— Пул йўқ, ука! Ҳаммаси фильм премьераси ва рекламасига ишлатилди. Кино қўйишнинг ўзи бўладими?
— Қолган 44 миллион сўмни беринг, илтимос! Бўлмаса бошқача йўл тутаман.
— Ўзингни бос, ука, пул топилади. Ҳисоб рақамимда пул бўлган заҳоти бераман пулларингни, еб кетармидим?
Алишер унинг хонасидан муштини тукканча чиқиб кетади.
“Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”
Бу ҳам етмагандек, Хуршид Халмухамедов “Али-Акбар Интер табак” МЧЖ ходими Дониёр Идрисов билан “Энди дадам бўйдоқ” фильмини Россия Федерациясида интернет ва кабель телевидениялари орқали намойиш қилиш учун рухсат берувчи шартнома тузиш эвазига ундан таъмиргирлик йўли билан наыд 4.000 АҚШ долларини пора тариқасида талаб қилган.
Орадан икки кун ўтгач, Дониёр Идрисов Хуршид Халмухамедов айтган пулларни унинг қўлига тутқазади. Хуршид Халмухамедов дарҳол бу пулларни шимининг чўнтагига тиқиб қўйишга улгурмай хонасига СВОЖваЖДЛҚК Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан бевосита дилилий ашёлар билан қўлга олинган. Хуршид Халмухамедовдан ким билан, нима мақсадда учрашгани ҳақида сўрашганида, у барчасини айтиб беришга мажбур бўлган.
Шундай қилиб, нафси ҳакалак отган Хуршид Халмухамедов пора билан қўлга тушди.
Алишер Узоқов пулларини ундириб беришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Шундай қилиб, суд Хуршид Халмухамедовдан жабрланувчи Алишер Узоқов фойдасига 44.000.000 сўм ундиришни лозим деб топди.
Суд Хуршид Халмухамедовни Жиноят кодексининг 168 моддаси 2 қисмининг “а” банди ва 210 моддаси 2 қисмининг “в” банди билан айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жиноят кодексининг 45 моддасига асосан корхона, муассаса ва ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилинди.
Хонбиби ҲИММАТ қизи тайёрлади
Материални тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Мирзо Улуғбек туман прокуратурасининг терговчиси Баҳодир ТОЖИДДИНОВга миннатдорчилик билдирамиз.