Ёшлар маданият ва санъат маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 14 августдаги "Ёшлар маданият ва санъат маркази" фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 232-сон қарорига асосан ташкил этилди.
Иқтидорли ёш ижодкорларнинг ноёб истеъдодини рўёбга чиқариш ва улар фаолиятини тизимли равишда кенг тарғиб этиш, турли теле, радио, интернет лойиҳаларини ташкил этиш, миллий ашула ва мусиқа мероси, замонавий миллий эстрада ва жаҳон санъати дурдоналари асосида ёшларда юксак бадиий дидни шакллантириш мақсадида 2014 йил 10 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида Ёшлар маданият ва санъат маркази ва унинг лойиҳалари тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Марказнинг очилиш маросимида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари, шунингдек, ижодкор ва иқтидорли ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар Ёшлар маданият ва санъат маркази ва унинг лойиҳалари билан таништирилди.
Марказнинг асосий вазифалари умидли ижодкор ва иқтидорли ёшларни излаб топиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда концерт, фестиваль, кўрик-танлов ва турли маданий шоу-томоша тадбирларини ўтказишдан иборат.
Шунингдек, ёшларни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш, юрт равнақига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, уларнинг кенг қамровли бунёдкорлик ва яратувчанлик жараёнидаги иштирокини кенгайтиришда маданият ва санъатнинг ролини ошириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Шу билан бирга, Ёшлар маданият ва санъат маркази фаолиятининг энг муҳим жиҳатларидан бири - маданият ва санъат соҳасида ўтказилаётган танлов, фестиваль ва турли лойиҳаларнинг ғолиблари ва ёрқин иштирокчиларининг кейинги фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда улар учун ижодий майдон яратиш, илмий-ижодий симпозиум, конференциялар, маҳорат сабоқларини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда жаҳон халқлари миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш хисобланади.
Очилиш маросими давомида марказнинг лойиҳаларидан бири бўлган
“Эътироф-2014” танловининг тақдирлаш маросими хақида ахборот берилди. Шунингдек, марказ томонидан илк бора ташкил этиладиган лойиҳалар - “Йил қўшиғи”, “Куйла, ёшлигим”, “Овоз” телелойиҳалари, “Сен-истеъдодлисан”, “Болалик олами” кўрик-танлов ва фестиваллари ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берилди.