АсосийJamiyat

Ўзбекистон мудофаа вазири ёш офицерлар форумида иштирок этди

'Ўзбекистон мудофаа вазири ёш офицерлар форумида иштирок этди'ning rasmi

Кеча, 26 февраль куни Қуролли Кучлар академиясида илк маротаба ёш офицерлар форуми бўлиб ўтди. Форумда курсантлар, ўтган йилги мавсум битирувчилари-лейтенантлар, Мудофаа вазирлиги мутасадди офицерлари, олий ҳарбий таълим муассасаларининг ўқитувчилари иштирок этди, хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов сўзга чиқиб, ёш офицерларни ташаббускорликка, фаолликка чақириб, иштирокчиларни конструктив ва очиқ мулоқотга чақирди.

“Бир нарсани барчамиз ёдимиздан асло чиқармаслигимиз керакки, бугун дунёда рўй бераётган мураккаб ҳарбий-сиёсий жараёнлар биринчи навбатда ўз касбини пухта эгаллаган юқори малакали мутахассис, қолаверса, Ватанини сидқидилдан севадиган, жисмонан чиниққан, ташаббускор, мантиқий фирклай оладиган, фидойи инсонлар бўлишимизни тақозо этмоқда. Мен сизлар билан учрашиб, юзага келган камчиликлар, муаммоларни муҳокама қилиш ва таклифларингизни эшитиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим”, – деди мудофаа вазири ўз сўзида.

Форум давомида олий ҳарбий таълим муассасаларининг 2018 йилги битирувчиларини ҳарбий-касбий фаолиятини объектив ўрганиш; Мудофаа вазирлиги қўшинлари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини етказиш; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар моҳиятини тушунтириш, ҳарбий бўлинмаларда ёш офицерларни профессионал шаклланиши ҳамда хизмат вазифаларини сифатли ва самарали бажаришларига тўсқинлик қилувчи тизимли камчиликларни аниқлаш; битирувчилар билан бошланғич лавозимларда хизмат қилиш даврида дуч келадиган ижтимоий-маиший, бошқарув ва психологик характердаги муаммоларни аниқлаш юзасидан суҳбатлашиш, ёш офицерларнинг мурожаатини тайёрлаш мақсад қилиб олинган.

Кун давомидаги фаол лейтенантлар турли мавзулар бўйича ўзаро савол-жавоб қилдилар. Иштирокчилар маърузачига ўзларини қизиқтирган саволларни бериш баробарида таклифларини ҳам билдириб ўтишди. Хулоса ва таклифларни яхлитлаштириш натижасида ёш офицерлар форуми қатнашчиларининг мурожаати қабул қилинди.

Форум якунида фаол ва ташаббускор иштирокчиларга мудофаа вазири номидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли хонанда ва раққосаларининг чиқишлари тадбирга байрамона тус киритди.

    Бошқа янгиликлар