АсосийJamiyat

Австрия ишбилармонлари Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда

'Австрия ишбилармонлари Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда'ning rasmi

Кейинги пайтда Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари билан муносабатлари янги босқичда ривожланиб бормоқда. Хусусан, Австрия Республикаси ҳам мамлакатимиз билан савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари пойтахтимизга бир қатор Австрия ишбилармон доиралари вакилларининг ташрифи кўзда тутилган. Ташриф асносида ушбу мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт, гидроэнергетика сингари соҳаларда фаолият олиб бораётган VAMED, Bertsch-Laska, AndritzHydro, DiehlMetering, Frauscher, SKIDATA, Waagner-Biro сингари 26 йирик компанияси вакилларининг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан учрашувлари ўтказишади.

Шу муносабат билан Австриянинг Алмати шаҳридаги элчихонаси ҳамда Advantage Austria компаниясининг минтақавий вакили Рудольф Талер Тошкентда оммавий ахборот воситалари билан учрашиб, мазкур ташрифдан кўзланган мақсадлар ҳақида сўзлаб берди:

— Ўзбекистон ва Австрия орасидаги масофа у қадар яқин бўлмаса-да, мамлакатларимиз ўртасида умумий жиҳатлари талайгина, - дейди Рудольф Талер. — Австрия Европанинг, Ўзбекистон эса Осиёнинг марказида жойлашган. Ҳар икки давлатларнинг иқтисодий имкониятлари кенг. Биз ана шу имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Бу борада сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. 2018 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми 108 миллион долларга етди. Бу олдинги йилга қараганда икки баравар кўп. Австрия фуқаролари учун Ўзбекистон томонидан визасиз тизим жорий этилгани ҳам муносабатларимиз ривожида катта ўрин тутади. Бу энг аввало қадим тарихга эга бўлган юртингизга австриялик туристлар оқимини кўпайтиради, шу билан бирга ишбилармонларимизнинг Ўзбекистонга келиб-кетишини осонлаштиради.

Жаноб Талернинг айтишича, Advantage Austria мунтазам тарзда Марказий Осиёда амалга оширилган ўзига хос лойиҳалар учун «Silk Road Biz Award» мукофотини топшириб келинади. Мукофотнинг бу йилги ғолиблари орасида Зальцбург шаҳридаги «Oberhofer Stahlbau». Компанияси ҳам бор. Тошкентда қуриб битказилган “Ҳумо Арена” муз саройи қурилиши лойиҳаси мазкур компанияга тегишли экани айтилмоқда.

Австриялик ишбилармон ташрифи доираси икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бир қатор манфаатли битимлар имзоланиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар