“Рок-н-рол қироли” Элвис Преслининг 1953 йили ёзида тайёрланган биринчи мусиқий ёзуви ва унинг илк ҳайдовчилик гувоҳномаси аукционда сотилади. Бу ҳақда мусиқачининг мероси била шуғулланувчи жамғарма вакиллари хабар қилган. Аукцион Пресли 80 ёшга тўлгани куни, яъни 2015 йилда бўлиб ўтади.
1953 йили 18 июн куни Элвис Теннеси штатининг Мемфис шаҳрида жойлашган “Сан” овоз ёзиш студиясига келади ва "My Happiness" ҳамда "That's When Your Heartaches Begin" қўшиқларини ёзиш учун тўрт доллар тўлайди. Айтишларича, у ушбу ёзувларни онасининг туғилган кунига совға қилмоқчи бўлган. Бироқ уйда уларни эшитиш имконияти бўлмаган ва Пресли пластинкани дўстининг уйида эшитиш учун боради. Ўша ерда ёзув қолиб кетади ва онаси ушбу совғани олмайди. “Элвиснинг ёзуви илк марта аукционга қўйилмоқда. У ёзилгандан бери 60 йил давомида шахсий архивда бўлган”, - дейди савдо ташкилотчилари.
Савдо Преслининг Мемфисдаги уйи, ҳозирда музейда бўлиб ўтади. Аукционга қўйилган предметларнинг умумий сони 68 тани ташкил этади. Улар орасида унинг биринчи ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бор. Ижрочи гувоҳномани 1952 йили 17 ёшида олган.
Август ойида Преслига тегишли “Кадиллак” машинаси 81.2 минг долларга сотилган эди. Элвис 1977 йили 42 ёшида вафот этган, дея ёдга солмоқда ТАСС.





