АсосийShou-biznes

Тошкентда «Competizione dell'Opera» опера ижрочиларининг XIV халқаро танлови бошланди

Ушбу йирик танлов жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари опера хонандаларига итальян операсини ижро этиш бўйича ўз қобилиятини намойиш қилиш имконини бермоқда. Жорий йилда мазкур танлов Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.

Бу мамлакатимизда санъат намояндалари, уларнинг юксак ижод чўққиларини забт этишини рағбатлантириш учун барча зарур шароит яратилганининг яна бир халқаро эътирофидир.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Австриядаги «Competizione dell'Opera» халқаро танлови ассоциацияси, «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда танловнинг Осиё, Европа, Австралия, Африка ва Жанубий Америкада ўтказилган саралаш босқичларида муваффақиятли қатнашган ёш опера ижрочилари иштирок этмоқда.
Танлов доирасида В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида мамлакатимиз вакилларини эшитиб кўриш бўйича саралаш босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон Давлат консерваториясининг 40 дан зиёд талаба ва битирувчиси, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг хонанда ҳамда стажёрлари ХХ асргача яратилган опера асарларини итальян тилида ижро этиш бўйича ўз истеъдодини намойиш қилди.
– «Competizione dell'Opera» танлови кўплаб ёш опера ижрочиларига мусиқа оламини забт этиш ва дунёдаги энг нуфузли опера саҳналарида ижро этиш учун ажойиб имкониятдир, – дейди Ўзбекистон Давлат консерваториясининг учинчи курс талабаси, «Bella voce» халқаро талабалар танлови (Россия) совриндори Мадина Бозорова. – Шу боис ушбу саралаш босқичида иштирок этаётганимиз катта аҳамиятга эга. Бу босқичда мен Пьетро Масканьининг «Қишлоқ шаъни» операсидан ария ижро этдим.
Ўзбекистонда опера санъати йўналишида ижод қилаётган иқтидорли ёшлар кўп. Бу кучли рақобат муҳитида ўтган саралаш босқичида яна бир бор ўз тасдиғини топди. Ёш ижрочиларнинг чиқишлари нуфузли ҳайъат томонидан баҳоланди.
– Ёш опера хонандаларимиз ушбу танловга пухта тайёргарлик кўрди, – дейди ҳайъат аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Аваз Ражабов. – Даъвогарлар орасида турли халқаро танловлар ғолиб ва совриндорлари кўп. Шу боис уларнинг энг яхшиларини танлаб олиш қийин кечди.
25-27 ноябрь кунлари «Туркистон» санъат саройида «Competizione dell'Opera» опера ижрочиларининг XIV халқаро танлови бўлиб ўтади.

    Бошқа янгиликлар