АсосийShou-biznes

Энг муносиб операчилар тақдирланди

Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида «Competizione dell'Opera» опера ижрочиларининг XIV халқаро танлови ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри директори Б.Ёқубов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мусиқа санъатини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистонлик опера ижрочилари жаҳон саҳналарида ўз истеъдодини кенг намойиш этиб, нуфузли халқаро танлов ва фестиваллар, жумладан, «Competizione dell'Opera» танловида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Ушбу ижодий беллашув ташкил этилганидан буён опера ижрочиларининг йирик халқаро танловларидан бирига айланди, опера санъатида нафақат янги номларни кашф этиш, балки халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу танлов кўплаб ёш ижрочилар учун мусиқа оламининг юксак чўққилари сари йўл очиб, жаҳоннинг энг нуфузли опера саҳналарида истеъдодини намойиш этиш имконини бермоқда. Иштирокчиларни танлаш тизими ҳам ўзига хос бўлиб, танлов ташкилотчилари йил давомида бутун дунё бўйлаб ижодий беллашувда иштирок этиш истагини билдирган даъвогарларни тинглаб кўриш бўйича саралаш босқичларини ўтказади.
Мамлакатимизда бу танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Австриядаги «Competizione dell'Opera» халқаро танлови ассоциацияси, «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри билан ҳамкорликда ташкил этилди.
«Competizione dell'Opera»нинг пойтахтимизда ўтказилиши мамлакатимиз маданий ҳаётида ёрқин воқеа бўлди. Танлов ўзбекистонлик мухлисларга Италия опера санъати, мамлакатимиз ва бутун дунёдан келган ёш истеъдод эгалари билан яқиндан танишиш имконини берди. Ўзбекистон, Австрия, Германия, Венгрия, Япония, Беларусь, Польша, Россия, Словакия, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа давлатлардан 60 дан зиёд иштирокчи бир неча кун давомида энг яхши опера асарларини итальян тилида ижро этди. Уларнинг чиқишлари нуфузли халқаро ҳайъат томонидан баҳоланди.
Иштирокчиларнинг опера асарларини ижро этиш ва томошабинга етказиб бериш маҳорати ҳамда бошқа ижодий хислатлари баҳоланган танлов натижаларига кўра, 20 хонанда финалга йўл олди. Уларнинг беш нафари мамлакатимизнинг иқтидорли ёшлари экани биз учун, айниқса, қувонарлидир. Булар Ўзбекистон давлат консерваторияси битирувчиси Ғулом Назиров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри хонандалари Рустам Алимардонов, Жаброил Идрисов, Барно Исматуллаева, ушбу театр стажёри Дамир Раҳмоновдир.
Танловнинг финал босқичи қизғин кечди ва ғолиблар халқаро ҳайъат аъзоларининг яширин овоз бериш йўли билан аниқланди.
«Competizione dell'Opera» танлови якунларига кўра, биринчи ўринни ўзбекистонлик Барно Исматуллаева эгаллади. Иккинчи ўринга Беларусь опера ижрочиси Павел Пятро сазовор бўлди. Учинчи ўринга россиялик Мария Баянкина ва Ўзбекистоннинг яна бир вакили Жаброил Идрисов муносиб кўрилди.
«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 29 ноябрь куни танлов ғолиблари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтади.

    Бошқа янгиликлар