1

Журналистни ҳақорат қилган қирғизистонлик амалдор ишдан бўшатилди

ДУНЁ 11.06.2019, 13:36
Журналистни ҳақорат қилган қирғизистонлик амалдор ишдан бўшатилди

Туйгунаали Абдраимов Қирғизистон ҳукуматининг Чуй вилоятидаги вакили лавозимидан бўшатилди.

Вазирлар маҳкамаси матбуот хизматининг хабар қилишича, бу борадаги фармойиш Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиев томонидан имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Туйгунаали Абдраимов 5 июнь куни журналистларнинг Сокулук туманидаги маҳаллий аҳоли ўртасида можаро юз берган Орок қишлоғидаги ҳодисалар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мухбирлардан бирининг башараси ёқмагани боис унинг саволига жавоб бермаслигини айтган эди. “Менга сизнинг башарангиз ёқмаяпти. Башарангиз ёқимсиз”, - деган эди амалдор.

Шундан кейин амалдорнинг шаънига танқидлар кучайиб кетди ва кўпчилик унинг истеъфосини талаб қилиб чиқди. Фаолларнинг баёнот беришича, у давлат хизматчиси этикаси билан таниш эмас.

Тўғри ҳодисадан бир кун ўтиб, Қирғизистон ҳукуматининг Чуй вилоятидаги вакили Туйгунаали Абдраимов журналистлар олдига чиқди ва башараси ёқмаётгани учун журналист аёл билан гаплашмагани юзасидан ўз фикрини маълум қилди.

“Мен “Ала-Тоо 24” телеканалига интервью бердим, шунда у қўпол тарзда қаерда бўлганимни, нима учун кеч келганимни сўрай бошлади (куни кеча можаро юз берган Орок қишлоғи назарда тутилмоқда – муҳ.). Шунда мен у прокурор эмаслиги ва бу менинг муаммом эканини айтдим. Ҳа, мен унга башараси ёқмаётганини айтдим. Менинг башарам унга ёқмайди. Бу ҳаёт”, - дея баёнот берди амалдор. Абдраимов ўзини “гўзал” деб ҳисобламаслигини қўшимча қилди.

Чуй вилояти раҳбари айрим журналистларни атайлаб фитна уюштиришни мақсад қилиб олганликда айблар экан, кечирим сўрамади ва журналистлар билан баҳслашганидан кейин шошилинч равишда фаоллар залини тарк этди.

Бош вазир Муҳаммадқалий Абилғазиев ўшанда губернаторнинг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо берилишини айтган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1