1

«Миллий либос» республика мода фестивалининг якуний босқичи бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 16.12.2014, 09:31
«Миллий либос» республика мода фестивалининг якуний босқичи бўлиб ўтди

Тадбир «Osiyo ramzi» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан ташкил этилди, дея хабар бермоқда uza.uz.
Унда мамлакатимизнинг маданият ва санъат намояндалари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, чет эллик меҳмонлар иштирок этди.

Миллий либос азалдан ҳар қандай халқ анъана ва маданиятининг рамзи, унинг ажралмас қисми бўлиб келган. Миллатнинг кўп асрлик тарихи, фалсафаси ва менталитетини ўзида ифода этадиган либослар мамлакатнинг табиий-иқлим шароити, ҳудуд аҳолисининг дидига мос равишда тикилади. Бой тарихга эга ўзбек миллий либослари эса бичими, шакли, рангларининг уйғунлиги, матолари хилма-хиллиги, нафислиги билан ажралиб туради.

«Миллий либос» республика мода фестивали мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди миллий либос тайёрлаш бўйича ўз услубига эга эканини яна бир бор ёрқин намоён этди. Тошкент ва Фарғона водийсида тайёрланаётган ранг-баранг матолар, Хоразм миллий либослари ва заргарлик буюмлари, Бухоронинг зардўзлик санъати, Самарқанднинг архитектура мероси, Қашқадарё, Сурхондарё воҳаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг шарқона руҳ акс этиб турган бетакрор нақш ва каштадўзлик технологиялари кенг намойиш этилди.

Шу боис бу фестивални Ўзбекистонда дизайн ва мода соҳасидаги бой анъана ва замонавий изланишларни акс эттирган ўзига хос воқеа, деб айтиш мумкин.

«Osiyo ramzi» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси раиси Холида Комилованинг таъкидлашича, ёш дизайнерлар танлови бўлган «Миллий либос» республика мода фестивалида 80 нафар йигит-қиз иштирок этди. Ўтказилган саралаш босқичлари натижасида 24 нафар дизайнер қарийб 160 либос моделини ўз ичига олган 18 коллекция билан финалда беллашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шу билан бирга, мазкур фестиваль янги ғоя ва таклифларга ҳам бой бўлди.

Уч қисмдан иборат фестиваль дастуридан мамлакатимиз эстрада юлдузларининг чиқишлари ҳам ўрин олди. Биринчи қисмда ёш дизайнерларнинг «Pret-a-porter» услубидаги коллекциялари намойиш этилди. Турли ранг ва геометрик ечимларни ўзида мужассам этган «қуроқ» услубида тикилган хотин-қизлар коллекцияси томошабинларда катта таассурот қолдирди. Эркаклар учун мўлжалланган «мовий гумбаз» коллекцияси қадимий ўлкамизнинг архитектура ёдгорликларини ўзида акс эттирган.

Дастурнинг иккинчи қисмида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос миллий либослар намойиши ўрин олди.

Учинчи қисмда замонавий либослар намойиш этилди. Айниқса, хонатлас, бахмал, шойидан тикилган, «Бодом» гулли миллий сўзана ва Бухоро нақшлари билан безатилган хилма-хил либослар ранглар уйғунлиги ҳамда гўзаллиги, нафис бичими билан кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Ҳайъат аъзоси, Милан политехника университетининг дизайн мактаби профессори Артуро Дель Акуа Беллавитиснинг (Италия) сўзларига кўра, ўзбекистонлик ёшларнинг коллекцияларини профессионал дизайнерлар меҳнати билан таққослаш мумкин. Бу ёшларнинг аксарияти келажакда Ўзбекистон мода саноатида ўз ўрнига эга бўлади.

Намойиш этилган моделлар беш номинация – эркаклар либослари, миллий матодан самарали фойдаланиш, миллий услуб, анъаналар уйғунлиги ва томошабинлар олқиши номинацияси бўйича баҳоланди. Номинациялар бўйича энг яхши дизайнерлар аниқланди. Улар орасида Озод Рўзибоев, Гўзал Мағрупова, Дилафрўз Умаралиева, Камола Асомова, Нилуфар Юнусхўжаева ва Дилноза Аҳмедова бор.

– «Миллий либос» республика мода фестивалида ғолиб бўлганимдан бахтиёрман, – дейди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти иккинчи курс талабаси Гўзал Мағрупова. – Негаки, бу фестиваль биз, ёшларга ўз ижодий қобилиятимизни намоён этиш учун кенг имкониятлар очиб бермоқда. «Йил фасллари» деб номланган коллекциямни устозларим ёрдамида тайёрладим. Улар менга керакли мато ва либос учун зарур қисмларни танлашда ёрдам берди. Тайёрлаган коллекциям ёшларга манзур бўлади, деб ўйлайман.

Фестиваль доирасида Италия ва Германиянинг машҳур дизайнерлари, Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари томонидан ёш дизайнерлар, олий ўқув юртлари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун миллий ҳамда замонавий либослар моделини яратиш, сартарошлик санъати ва макияж бўйича маҳорат сабоқлари, семинар-тренинглар ташкил этилди.

«Миллий либос» республика мода фестивалида мамлакатимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ижод қилаётган янги номлар кашф этилди. Унда иштирокчилар бир-бири билан танишиш, дўстлар ва ҳамкорлар орттириш, фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1