Ёшлар бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири. Бу борада Ёшлар иттифоқи нима ишлар қилди? Қандай лойиҳалар ишлаб чиқди?
Ёшлар медиа маркази берган маълумотга кўра, 2018 йил давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бандлик масаласини тизимли ҳал қилиш мақсадида республика бўйича 30 ёшгача бўлган 687 564 нафар ишсиз ёшларнинг рўйхатини шакллантирди. Шунга кўра, 2019 йилга мўлжалланган манзилли режа тасдиқланди.
2019 йилнинг ўтган 6 ойи давомида эса 109 578 нафарё шларни иш билан таъминлашга эришилди. Ушбу кўрсаткичдан кўриниб турибдики, ўтган икки йилга нисбатан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 34 756 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Ёшлар иттифоқи ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор янги лойиҳалар ҳам ишлаб чиқди. Устоз-шогирд анъанасига кўра, ҳунармандчилик, касаначиликка жалб этиш,меҳнат ярмаркалари ташкил қилиш билан иш топа олмаётган ёшларга ёрдам бериш, “Ҳар бир ёшга бир гектар”лойиҳаси орқали ёшларни фермерларга бириктиришҳамда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида бандлигини таъминлаш, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ва “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастурлари доирасида ажратилган имтиёзли кредитлар орқали яратилган янги иш ўринларига жойлаштириш бу борадаги салмоқли ишлардан саналади.

Ёшлар бандлигини таъминлашнинг яна бир илғор тажрибаси сифатида 190 та касб-ҳунар коллежлари негизида “Ёшлар марказлари” ташкил этилиб, 26 йўналишдаги тил ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича 2 628 та бепул тўгараклар фаолияти йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этиш керак.
Шунингдек, хорижга ишлашга кетиш истагида бўлган ёшлар учун рус тили, инглиз тили ва хорижий давлатларнинг меҳнат қонунчилиги бўйича 209 та бепул тўгараклар ташкил этилди. 2018 йилда ушбу тўгаракларга жами 17 497 нафар ёшлар қатнашган бўлса, 2019 йилда 7 410 нафар ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар томонидан 2017 - 2019 йиллар мобайнида анъанавий ўтказиб келинаётган “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмаси ҳам ёшларни мутахассислиги бўйича ўқишларини давом эттириш, хорижий университетлар вакилларидан консултациялар олишда муҳим жараёнга айланди.






