АсосийJamiyat

​Ёшлар иттифоқининг лойиҳаси орқали 616 та ажрим ёқасидаги ёш оилалар яраштирилди

'​Ёшлар иттифоқининг лойиҳаси орқали 616 та ажрим ёқасидаги ёш оилалар яраштирилди'ning rasmi

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмаги” лойиҳаси доирасида ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги 3 минг 169 та ёш оилаларга психологик кўмак, 2 минг 25 та ёш оилаларга ҳуқуқий кўмак кўрсатилди, 616 та ажрим ёқасидаги ёш оилалар яраштирилди. Бу ҳақда Ёшлар медиа маркази ахборот хизмати маълум қилди.

Республикамизда кўплаб “Келин-куёвлар инновацион мактаблари” ташкил этилиб, унда оила қуриш бўсағасидаги ёшларга оилавий қадриятлар ҳақида тушунча бериб бориляпти. Инновацион мактабларда бўлғуси келин-куёвлар учун оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, оила иқтисодиёти, рўзғор бюджетини юритиш, никоҳ муносабатлари, соғлом турмуш тарзи, низоларнинг олдини олиш, мулоқот маданияти, ҳуқуқий муносабатлар, оилани идора қилиш каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтилаётгани мустаҳкам ва намунали оилалар кўпайишига хизмат қилмоқда.

Моддий етишмовчилик туфайли ажрим ёқасида келиб қолган оилаларга ёрдам кўрсатилмоқда. “Мустаҳкам ва соғлом оилани барпо этамиз!” шиори остидаги тарғибот лойиҳаси доирасида 1 минг 597 та маҳаллада манзилли ўрганиш олиб борилиб, 1 минг 834 та ёш оилага ижтимоий, ҳуқуқий, психологик кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, май ойи “Ёш оилалар билан ишлаш ойлиги” этиб белгиланди. Ойлик доирасида республика бўйлаб 32 турдаги 650 та тадбир ва лойиҳалар ўтказилди ҳамда 55 минг 544 нафар ёшлар, ёш оила вакиллари, намунали ва ибратли оилалар қамраб олинди.

Июнь — “Ёшлар ойлиги” доирасида республика бўйлаб 200 нафарга яқин жуфтликларнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилди.

Маълумотга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 2 млндан ортиқ ёш оила бор. 2019 йилнинг 6 ойи давомида 104 минг 158 та ёш оила никоҳи қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар