Мамлакатимиз Президенти томонидан Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг маънавиятини ошириш, ҳарбий касб нуфузини юксалтириш, халқ ва армия якдиллигини кучайтириш ҳамда Ватан посбонларининг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ишларнинг эзгу давоми сифатида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳам ҳарбий оуруглар қўшинларида кенг жамоатчилик вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, фан ва таълим ҳамда жойлардаги ҳокимлик ходимлари иштирокида кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.
Мудофаа вазирининг Мафкуравий ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамовнинг ташаббуси ва кўрсатмасига асосан Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги тассаруфидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларда “Маънавият ҳафталиги” эълон қилинди ва ишчи гуруҳ шакллантирилиб, ҳафталик доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти Андижон шахрида жойлашган ҳарбий қисмда кеча, 25 сентябрь куни “Маънавият ҳафталиги” доирасида ўтказилган тадбирда Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Акмал Ортиқов, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Андижон вилояти минтақавий бўлинмаси раиси, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Манзура Юнусова, минтақавий бўлинма аъзолари ва ҳарбий хизматчилар иштирокида давра суҳбат ўтказилди.
Ўтказилган давра суҳбатида кенгашнинг вазифалари ва ҳозирги кундаги иш фаолияти таҳлил қилиниб, тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича амалга оширилаётган амалий ишлар, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ва маънавиятини янада ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ҳарбий шаҳарчаларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва 5 та ташаббуснинг бири бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги, Андижон вилояти ҳарбий-маъмурий сектори ҳамда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда Андижон гарнизонидаги 20-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча ҳудудида 3 гектар ер ажратилиб, “Ал-Ҳаким” МЧЖ таркибида тикувчилик цехи ташкил этилгани амалий ишларнинг ижобий ифодаси сифатида эътироф этилди.
Мазкур тикувчилик цехида 150 кишилик иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳоли билан биргаликда Андижон гарнизонидаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг 75 нафар оила аъзолари доимий иш билан таъминланди.Шу билан бирга, ҳозирда “Ал-Ҳаким” МЧЖ раҳбари И.Ураимов томонидан амалга оширилаётган ишларнинг амалий давоми сифатида шу ҳудуднинг ўзида яна 150 иш ўринли цех қурилиши ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур цех ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари бугунги кунда Қозоғистон ва Беларуссь Республикаларига экспорт қилинмоқда.
Мудофаа вазирлиги томонидан бу ишлар давом эттирилиб, бошқа ҳарбий округларда ҳам босқичма-босқич “Маънавият ҳафталиги” ташкил этилиб, юқоридаги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти