АсосийJamiyat

Ўзбекистонга хориждан юборилган почта жўнатмаларида психотроп дори воситалари борлиги аниқланди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бошпочтампт” пости ходимлари томонидан бир неча қоидабузарликлар фош этилди. Бу ҳақда Uz24 хабар берди. 

Жумладан, тошкентлик У.Б. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда, буюмлар орасида “CN-23” шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 143 дона “Акамол” номли психотроп дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Мазкур пост ходимлари томонидан фуқаро У.М. номига келган почта жўнатмаси божхона кўригидан ўтказилганда эса ундаги буюмлар орасида 100 дона “Катапресан” номли психотроп таблеткалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ахборот хизмати UZ24 га маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 30 июлдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши таъқиқланган ва чегараланган психотроп ҳамда наркотик воситалар рўйхати тасдиқланган. Шунингдек, ушбу қарорда психотроп ва наркотик воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва муомалага киритиш тартиби белгилаб қўйилган.

    Бошқа янгиликлар